Самарқандда “Ишонч” - "Ишонч доверие” газетаси кунлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгашида ушбу газета ижодий жамоаси газетхонлар билан учрашди.

Учрашувда вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов кундалик ҳаётимизда вақтли матбуотнинг тутган ўрни хусусида, “Ишонч” - "Ишонч-доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов бугун босма нашрлар олдида турган вазифалар хусусида сўз юритди.

- Республика нашрлари орасида “Ишонч” ва “Зарафшон” газеталарини севиб қўлга оламиз, - деди меҳнат фахрийси Яхшинор Аллаёров. - Бизнинг Самарқанд давлат тиббиёт университети педагог ходимларидан тортиб, талабаларгача бу нашрларда чиқаётган мақолаларни қизиқиш билан ўқиб боради. Нашрлардаги ўзига хослик, услубий ёндашув бугунги кун талаблари даражасида, дея айта оламиз. Бугун ноширларга ҳам таҳририятлар ижодий жамоаларига ҳеч бир эътирозимиз йўқ. Аммо очиқ айтиш керак, етказиб беришда муаммолар талай. Баъзи ҳолларда севимли нашрларимизни ҳафталаб кутиб қолишимизга тўғри келяпти. Ўйлаймизки, етказиб беришдаги муаммоларга ҳам барҳам берилади.

Тадбир доирасида “Ишонч” - "Ишонч доверие” газеталарининг бир гуруҳ фаол муштарийларига таҳририят эсталик совғалари топширилди.

Нурилла Шамсиев.