Самарқандда “каннабис” ўсимлигини етиштираётган шахс аниқланди

Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари ҳамда вилоят ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар билан ҳамкорликда яна бир “заҳри қотил” олди-сотдисига чек қўйилди.

Самарқанд шаҳрида олиб борилган тезкор тадбир давомида фуқаро И.Н.нинг яшаш хонадони, ёрдамчи хўжалиги ҳамда томорқа ерлари кўздан кечирилди.

Натижада, фуқаро И.Н.нинг чўнтагидан шаффоф целофан пакетга ўралган, оғирлиги 0,04 грамм “опий” гиёҳванд моддасига ўхшаш, томорқа ерида узунлиги 1 метрдан 3,80 метргача бўлган жами 13 туп яшил рангли ўзига хос ўткир ҳидли “каннабис” гиёҳвандлик ўсимликлари парваришланаётганлиги аниқланди.

Шундан сўнг хонадон ертўласи кўздан кечирилганда, бу ерда ҳам қуритилган 3 туп 451,2 грамм “каннабис” гиёҳванд ўсимлиги пояси ҳамда вазни 22,9 грамм ўткир ҳидли “марихуана” гиёҳванд моддасига ўхшаш модда борлиги ҳам маълум бўлди.

Буниси ҳам етмагандек, хонадон гаражида 45,3 грамм “марихуана” моддаси ўсимлик уруғлари яширилган экан.

Мазкур ҳолат юзасидан тақдим этилган экспертиза хулосасига кўра,  ашёвий далил сифатида олинган воситалар 0,04 грамм “опий” гиёҳвандлик моддаси, 1,00 метрдан 3,40 метргача бўлган 13 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги, 451,2 грамм қуритилган “каннабис” ўсимлиги, 22,9 грамм “марихуана” гиёҳванд моддаси ҳамда умумий соф оғирлиги 45,3 грамм ўсимлик уруғи эканлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.