Самарқандда «маҳаллабай» ишлаш назоратга олинган
Вилоят Матбуот уйида Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида «маҳаллабай» ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этиш юзасидан шаҳардаги маҳаллаларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги 215 маҳаллада 117,6 минг хонадон бор. Қарийб 160 минг оила аъзоларининг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Айни вақтда шаҳардаги Алишер Навоий номли, Мустақиллик, Чилқудуқ, Хўжасоат, Геологлар, Чилстун каби 15 та маҳалланинг ўз хизмат биносига йўқ бўлиб, 11 тасининг моддий-техник базаси қониқарсиз аҳволда. Шунингдек, 21 та маҳалла хизматчилари 1 та хонада, 32 таси эса 2 та хонада фаолият юритиб келмоқда.
Жорий йилда 3 та маҳалла фуқаролар йиғини давлат-хусусий шериклик асосида қурилган бўлса, Ургути ва Боғи Темур маҳалла фуқаролар йиғини марказлари ҳашар йўли билан битказилди.
Шаҳардаги Сиёбча (600 миллион сўм), Ҳофиз Шерозий (100 миллион сўм), Дўстлик (120 миллион сўм), Меҳнат (15 миллион сўм) каби 12 та маҳалла фуқаролар йиғинларини реконструкция ва таъмирлаш мақсадида маҳаллий бюджетдан 850 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, ишлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, йил якунига қадар яна 16 та маҳалла биноси давлат-хусусий шериклик асосида, Ширин маҳалла фуқаролар йиғини эса ҳашар йўли билан қурилиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
«Обод маҳалла» дастури асосида бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган Дўстлик ва Янги ҳаёт маҳалла марказларининг бинолари капитал таъмирдан чиқарилиб, мебель жиҳозлари ва компьютер воситалари билан таъминланди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги марказдан узоқроқда жойлашган Дукчиён, Камолот, Камолиддин Беҳзод ва Анҳор маҳалла фуқаролар йиғинида мавжуд бўлган муаммолар бартараф этилиб, ҳудудлари ободонлаштирилди. Ўз биносига эга бўлмаган Камолиддин Беҳзод маҳалласи янги бинога кўчирилиб, ходимларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун замонавий зарур жиҳозлар билан таъминланди. Маърифат маҳалласида ҳашар ташкил этилиб, кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Маҳалла биноси капитал таъмирланиб, зарур анжомлар билан жиҳозланди. Шаҳардаги яна 7 та маҳалла 132 миллион сўмлик юмшоқ мебель жиҳозлари, 3 та маҳалла эса замонавий компьютер жиҳозлари билан таъминланди.
Жорий йилнинг июль ойигача барча маҳалла фуқаролар йиғини раисларини планшетлар билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган. 96 та маҳалла марказларига эса мебель жамланмалари олиб бериш режалаштирилган.
Дилмурод Тўхтаев.