Самарқандда тарбияси оғир ёшлар “Бўлажак аскар” акциясида иштирок этди

21-23 июнь кунлари Марказий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда Самарқанд вилоятида профилактик ҳисобда турувчи, тарбияси оғир 13 нафар ёшлар билан “Бўлажак аскар” акцияси ўтказилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Ёшлар ойлиги” доирасида Марказий ҳарбий округ ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда йигитлар 3 кун давомида ҳарбийлардек ҳаёт кечиришди.

Эгнига ҳарбий либос кийган ёшлар ҳарбий қисмнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, кун тартибида белгиланган вақтларда ҳарбий машғулотларда қатнашдилар.

Йигитлар округда яқинда ташкил этилган спорт взводи фаолияти билан танишдилар. Спортнинг бокс ва дюздо тури бўйича мастер класс машғулотларида қатнашишди. Динамик тренажёр орқали отиш машқларини бажаришди.

Тунги вақтларда эса концерт дастури ва ватанпарварлик руҳидаги фильмлар томоша қилишди. Шунингдек, бўлажак аскарлар округда яқинда бунёд этилган Симулятсия марказида бўлишди. Ёшлар бу ерда ҳарбий хизмат ва “кўча” ҳаёти хусусида баҳсга киришишди.

Акция якунида иншолар танлови ўтказилиб, яхши натижа кўрсатган ва ижобий тафсифланган ёшларга Ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда ҳисобдан чиқаришга тафсиялар берилди.