Самарқанддаги бошқарув идоралари фаолияти қай даражада очиқ? Улар янги талабларга мослаша оладими?

Вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида ушбу масала атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, жорий йил 16 июнда Президентимизнинг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Ҳужжат билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди.

Энди ҳар йил якунлари бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг Очиқлик индекси аниқланиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, фармонда кўрсатилган қоида ва тартибларнинг бузилиши давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчилик бузилиши сифатида баҳоланади.

Янги талабларга тайёрмизми?

Фармон билан “Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқиш белгиланди. Бироқ айрим ҳокимлик ва бош­қарув идораларида ҳамон амалдаги қонун талаблари асосида иш ташкил этилмаяпти.

Хусусан, вилоятдаги бошқармаларнинг аксарият расмий веб-сайтлари марказлашган ҳолда республика томонидан юритилади. Бироқ вазирлик ва идораларнинг расмий веб-сайтларида ҳудудий бошқарма ва бўлинмалари ҳақида маълумот берилмаган ёки тўлиқ ёритилмаган.

Бу ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Респуб­ликасида ахборот-коммуникация технология­ларини ривожлантириш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 355-қарори 3-иловаси талабларига мос келмайди.

Тўғри, айни пайтда 30 та бошқарма ва ташкилотнинг расмий веб-сайти мавжуд. Аммо уларни юритишда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Жумладан, Самарқанд давлат университетининг www.samdu.uz ва вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курсининг www.sammok.uz расмий веб-сайтлари ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб бермагани сабабли кибер ҳужумга учраган. Яна кўплаб бошқарма ва ташкилотлар веб-сайтлари кибер ва хакерлик ҳужумларининг олдини олиш бўйича экспертизадан ўтказилмаган.

7 йиллик қонун моҳиятини  тушунмаётганлар бор

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” Қонуни қабул қилинганига етти йилдан кўп вақт бўлган бўлса-да, унинг моҳиятини ҳали ҳам кўпчилик билмайди.

Мазкур қонун билан барча даражадаги ҳокимият ва бошқарув органлари ўзларининг кундалик фаолияти тўғрисидаги ахборотни аҳолига маълум қилиб боришлари керак. Бундай ахборот биринчи навбатда, расмий веб-сайтлар, шунингдек, интернет тармоғидаги мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда жойлаштириб борилиши лозим.

Аҳоли давлат ташкилотлари тўғрисидаги маълумотлар билан осон танишиши учун ахборотлар корхонанинг ҳамма кириши мумкин бўлган жойларига жойлаштирилиши керак. Амалда саноқли ташкилотларда раҳбарнинг қабул кунлари ва қабул соатлари, ҳафсала қилганлар раҳбарнинг исми-фамилиясини ёзиб қўйган.

Ваҳоланки, иш ёки ташвиш билан келган фуқаро бинога кирмасдан, ҳамма маълумотни олиши шарт. Қонун талаби бу.

Раҳбарлар эътиборсизми  ёки матбуот котиблари?

Йиғилишда қайд этилишича, матбуот анжуманлари режали ташкил этилмаяпти. Хусусан, биринчи чоракда 85 та медиа-тадбирларнинг 6 таси кечикиб ўтказилган.

Иккинчи чорак учун тасдиқланган 154 та матбуот тадбирининг 17 таси (6 та матбуот анжумани, 6 та очиқ мулоқот, 5 та пресс-тур) ташкил этилмаган. Паст Дарғом, Қўшработ тумани ҳокимликлари, соғлиқни сақлаш, солиқ, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари кабилар медиа-режа кўринишида тасдиқлаб берилган тадбирларни ўтказмаган.

Муҳокамалар давомида ҳокимлик ва бош­қарув идоралари фаолиятида очиқликни таъминлаш, бу борада масъул шахслар учун зарур шароитларни яратиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.