Самарқанддаги шифобахш Оби Раҳмат ариғидан Соҳибқирон Амир Темур ҳам сув ичган
Халқимиз орасида Самарқанд шаҳридаги Оби Раҳмат ариғи ҳақида бир ривоят юради.
Унда келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур Самарқандда пойтахт ўрнатган кунларнинг бирида бозорни айланиб юрганда, бир мешкобчининг «Оби Раҳмат», «шифобахш сув», деб чанқаган кишиларга мешдан сув бераётганини кузатади ва мешкобчини ҳузурига чорлаб, бу сувни қаердан олганини, унинг қандай шифобахшлигини сўрайди. Шунда мешкобчи сувни ариқдан олганини ва унинг шифобахшлигини қуйидагича таърифлайди:
«Бу сув ошқозон, ичак касалликларини даволаш учун ичилади, овқатни ҳазм қилади. Агар киши Оби Раҳмат ариғида чўмилса ва ичса асаб касаллигидан, гулафшон, темиратки, тошқин ва шунга ўхшаш касалликлардан фориғ бўлади», дейди.
Амир Темур мешкобчидан «Нега бу ариқ номини «Оби Раҳмат», деб атайдилар», деб сўраганида мешкобчи шундай жавоб айтади:
«Бу Оби Раҳмат ариғининг маълум қирқ газлик қисмининг хосиятидандир. Ҳар йилнинг фалон вақтида, ҳафта ўрталарида ёмғир ёғади. Лекин бу ёмғир бошқа ерларда оддий бўлиб, ана шу қирқ газлик ариққа тушадиган ёмғир бошқа хил хосиятлик бўлиб кўкдан «Раҳмат суви» бўлиб ёғади», дейди.
Кечагидай эслайман: раҳматли онам эрта кўклам - март ойларида «Оби Раҳмат» сувидан ичар ва шундай дерди:
- Аллоҳ томонидан осмондан раҳмат суви ёғилди. Демак, қишдан омон-эсон чиқиб олдик. Яна бир ҳафтадан сўнг раҳмат етиб келади. Бу - юртга барака, деҳқончиликка унум, одамларга соғлик-саломатлик берди, дегани…
Шундан сўнг Наврўз кунлари ойим «Оби Раҳмат» сувига ун қўшиб, хамир қорар ва ҳар хил кўкатлардан пишириқ пишириб берарди.
Яна айрим ривоятларда амирлар Оби Раҳмат ариғи ичига сопол қувур кўмдириб, шаҳар аҳлини шу сув билан таъминлаган, дейилса, Оби Раҳмат тўғрисида шу вақтгача ёзиб қолдирган бошқа ривоят, афсона, достон ва қиссаларда бу ариқнинг муқаддаслиги, унинг суви шифобахш эканлиги айтилган. Жумладан, Абу Ҳафс Насафийнинг «Қандия ёхуд китоб-ул-қанд фи тарихи Самарқанд» китобида Оби Раҳмат ҳақида қуйидаги сатрларни ўқиймиз: «Ҳазрати Яманийнинг ривоят қилишича, Расул алайҳиссалом: Самарқандда беҳишт чашмаларидан бўлган бир чашма бор. Барча уламо ва шайхлар эътирофича, у чашма Оби Раҳмат ариғидир. Баъзи шайхларнинг айтишларича, Дониёр пайғамбар қабри тепасида бўлиб, чашма суви шифобахшдир.
Худди шундай маълумот Абу Тоҳирхўжанинг «Самария» китобида ҳам келтирилган: «Хўжа Дониёл мозори. Шаҳар ташқарисида, шимол томонда Афросиёб қўрғонининг кунчиқар томонидаги раҳнасида, Сияҳоб ариғининг ёқасидадир. У кишининг мозори сербаракотдир. У зотнинг мижозидан муборак бошлари тарафидан чиққан сув Сияҳоб ариғига қуйилади. Халқ уни табаррук билиб ичадилар ва чўмиладилар ва уни кўп касаллар шифосига сабаб деб биладилар».
Амир Темур ҳукмронлиги даври - XIV асрнинг охири XV аср бошларида унинг буйруғи асосида Оби Раҳмат ариғидан Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуасига сопол қувурлар орқали Ўрта Осиёда биринчи бўлиб ичимлик суви ўтказилган.
Тарих фанлари доктори, профессор Хуршид Самибоев ўзининг «Самарқанд тарихи» китобида Оби Раҳмат тўғрисидаги ширин хотираларни эслаб, бу ариқнинг сўнгги йилларда ифлос бўлиб кетганидан афсусланади. Бу ҳақда у ёзади:
- Булоқлардан бошланадиган Оби Раҳмат ниҳоят тоза ва зилол бўлиб, ариқ бўйидаги аҳолининг ўзи ҳам ариқнинг тоза ва озодалиги, сувнинг покизалиги учун кўп ғамхўрлик қилар экан. Ҳар икки-уч йилда «ҳашар» қилиб, ариқни ковлаб, унинг чуқурлигини аниқ бир меъёрда сақлаб келган. Оби Раҳматда балиқлар кўп бўлиб, одамлар муайян жойлардан балиқ овлаганлар. Мен Боғи Майдон, Боғи Баланд ва Оби Раҳмат қирғоқларида бўлиб, ариқ бўйида ўтириб, унинг тоза ҳавоси ва зилол сувидан баҳраманд бўлганман. Чуқурлиги 2 метр бўлишига қарамасдан, ойнадай зилол сув тубидаги тош ва қумларнинг марварид каби жилоланишини томоша қилиб, унга маҳлиё бўлганман.
Талъат Абдуллаев.