Самарқандлик 184 нафар фаол ўқитувчи ва мураббийлар санаторийларда бепул дам олди

Матбуот уйида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Бирлашма кенгаши раиси С.Рафиқовнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил  9 апрелдаги фармойиши асосида Самарқанд вилоятида  хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 миллиард 237 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан бугунги кунгача 1665 нафар хотин-қиз тикув машиналари билан таъминланиб, касаначилик асосида янги иш ўринлари ташкил этилди. 254 нафарига уй-жойини таъмирлаш учун 1 миллиард 131 миллион сўмлик қурилиш материаллари олиб берилди. 168 нафари бемор аёлларга 384 миллион сўмлик дори-дармон ажратилган бўлса, 44 нафарига саломатлиги тиклаши учун 117 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 336 нафар кам таъминланган хотин-қизларга 863 миллион сўм моддий ёрдам берилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остидаги тадбирлар доирасида жорий йилнинг март-май ойларида вилоятдаги “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 140 нафари касаба уюшмалари ҳисобидан Хоразм вилоятига саёҳатга бориб келди.

– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раёсатининг қўшма қарорига кўра, 2021 йилнинг биринчи чораги давомида вилоятдаги 184 нафар энг фаол ўқитувчи ва мураббийлар санаторийларда бепул соғломлаштирилди, – дейди С.Рафиқов. – Бундан ташқари, ўз фарзандларини юртга садоқатли этиб тарбиялаб, вояга етказган, ибратли ва матонатли 30 нафар аёлларни яқинда янгидан очилган “Абу Али Ибн Сино” санаторийсида бепул соғломлаштириш кўзда тутилган.