Самарқандлик кардиожарроҳлар: Бемор вақтида мурожаат қилса, ҳар қандай хасталикни даволай оламиз

Самарқанд вилояти кардиология диспансерида ўтган йил инвестиция дастури асосида 12 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилиб, кардиореанимация, кардиохирургия, оритмология, ортериал потология каби олтита янги бўлим очилди. 100 қатновли поликлиника, 220 ўринли, барча қулайликларга эга бўлган стационар даволаш маркази ташкил этилди.

Шу билан бирга марказга 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 20 миллиард сўмлик замонавий тиббий ускуналар келтирилиб, юрак қон-томир хасталиклари билан боғлиқ мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш йўлга қўйилди. Бу ишни Мақсуд Саидов бошчилигидаги хорижда ишлаб, малака оширган ва бугун юртимизга таклиф этилиб, ишлаши ва яшаши учун чет элдагидан кам бўлмаган шарт-шароит яратиб берилган ўзимизнинг 15 нафар ёш мутахассислар бажармоқда.

Юрак хасталиги давосиз эмас

  Мақсуд Саидов – Самарқанд фарзанди. Паст Дарғомда туғилиб ўсган. 2011 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини битиргач, Россияга бориб, Москвадаги А.Бакулев номидаги юрак қон-томир хирургияси институтида илмий фаолият билан шуғулланди, ўша ерда ишлади.

  – Кўп нарса ўрганиб, тажриба орттиргач, 2015 йилда юртимизга келиб, юрак хасталикларини даволаш бўйича ўз таклифларим ва ғояларимни билдирдим, – дейди М.Саидов. – Минг афсуски, ҳеч ким эшитмади, мен айтган даво муолажаларини бу ерда амалга ошириш учун шароит ҳам, имконият ҳам йўқ, дейишди. Бир нечта эшикка бош суқдим, аммо натижа бўлмади, айрим раҳбарларнинг қабулига ҳам киролмагандим. Кейин яна Москвага қайтиб, ўша ерда иш фаолиятимни давом эттирдим, номзодлик диссертацияси ёқладим.

  Кейинчалик мамлакатимиз тиббиётида янгиланишлар бошланиб, хорижда ишлаётган мутахассислар юртимизга таклиф этилгач, менга ҳам таклиф бўлди. Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида кардиохирургия бўлими очиш ва болаларда учрайдиган юрак хасталикларини жарроҳлик йўли билан даволаш бўйича лойиҳага қўл урилди. Раҳбарларга агар зарур тиббий ускуналарни олиб беришса, уч ой ичида юракда очиқ операцияларни амалга оширишга ваъда бердим. Вилоят ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқарма қўллаб-қувватлаб, имконият яратди. Керакли аппаратлар келтирилгач, уч ойда эмас, апрелда иш бошлаб, май ойида илк жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказдик. Ҳокимлик уй-жой ва бошқа шароитларни яратиб беришни ваъда қилгач, Москвадаги А.Бакулев номидаги юрак қон-томир хирургияси институтида ишлаётган яна икки нафар ҳамкасбим – Икром Маллаев ва Мирзоҳид Темировни шу ерга таклиф қилдим ва биргаликда ишлай бошладик. Сўнгра яна бошқа юртдошларимизни чақирдик. Шунча ўқиб, ўрганганимизни Ватанимизда қўлламасак, халқимизга хизмат қилмасак, ким деган одам бўламиз?!

  Икки йил ичида марказда самарқандлик ва қўшни вилоятлардан келган, туғма юрак нуқсони билан туғилган 1000 нафардан ортиқ бола юрагида жарроҳлик амалиёти бажарилди. Уларнинг 800 нафари бутунлай дарддан фориғ бўлиб, ногиронлиги олди олинди. Қолган бемор болаларда айни пайтда реабилитация жараёни давом этмоқда. Улар ҳам албатта, соғайиб кетади.

  Ана шу натижалар, хорижда малака ошириб келган  мутахассисларимизнинг тажрибаларига таянилган ҳолда ўтган йил Самарқанд вилояти кардиология диспансери фаолиятини такомиллаштиришга киришилди. Катталарда учрайдиган юрак хасталикларини ҳам замонавий услублар асосида кардиохирургик йўл билан даволаш учун бу ерда зарур шарт-шароит яратилди. Муассаса раҳбарлигига эса Мақсуд Саидов тайинланди.

Чет элликлар Самарқандга келиб даволанмоқда

  Самарқанд вилоят кардиология диспансерида 220 минг киши турли хил юрак хасталиклари билан рўйхатда туради. Ана шу фуқароларнинг 10 минг нафари кардиохирирургияга муҳтож. Иқтисодий имконияти етадиганлари шу пайтгача хорижга бориб бўлса-да жарроҳлик амалиётини ўтказган ёки бугун оддий бўлиб қолган томирига стент қўйдириб келган.

  – Диспансерда янги бўлимлар очилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминлангач, барча қулайликларга эга бўлган стационар даволаш маркази ташкил этилгач, ўзимизда имкониятлар пайдо бўлди, – дейди муассаса директори ўринбосари, Санкт Петербургдаги И.Джанелизи номидаги шошилинч тиббий ёрдам илмий тадқиқот институтида ишлаб келган кардиолог Рустам Қўшназаров. – Ҳозир юқори технологик мураккаб юрак жарроҳлик амалиётлари тўлиқ ўзимизда бажарилмоқда. Юракка стент қўйиш, юрак ритмнинг мураккаб бузилишини жарроҳлик йўли билан тиклаш ҳамда очиқ юракда жарроҳлик амалиётлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Шу пайтгача 400 та мураккаб операция бажардик ва барчаси муваффақиятли ўтди. Бу беморлар фақат Самарқанддан эмас, қўшни вилоятлардан ҳам келяпти. Шифохонамиз минтақавий марказдек бўлиб қолди. Ҳатто яқин қўшни давлатлардан ҳам беморлар мурожаат қилмоқда. Ўтган йил декабрь ойи ва жорий йил бошидан буён 34 нафар чет эллик беморларни операция қилдик.

Инфарктга чалинган бемор шифохонагача келса бас, албатта соғайиб чиқиб кетади

  Маълумотларга кўра, Самарқандда бир йилда 3000 киши миокард-инфаркт бўлар экан. Самарқанд шаҳрининг ўзида йилига 700 нафар шундай бемор қайд этилади. Афсуски, шу пайтгача уларнинг 20 фоизида ўлим ҳолати кузатилган бўлса, 80 фоизи ногирон бўлиб қолган.

  – Энди инфаркт бўлган кишиларни жарроҳлик усули билан даволаб, 96 фоизини соғайтириш имкониятимиз бор, – дейди Мақсуд Саидов. – Бемор шифохонагача келса бас, уни соғайтира оламиз. Хорижга боришга, вақт ва катта маблағ сарфлашга ҳожат йўқ. Инфаркт туфайли ўлим ёки ногиронлик ҳолатлари кескин камаяди. Беморда асорати қолмайди. Ногирон бўлиб, оиласига, жамиятга юк бўлмайди. Атрофимдаги хорижда ўқиб, малака ошириб келган 15 нафар врачнинг барчаси ўз соҳасининг мутахассиси. Ўтган йил яна тўрт нафар ёш мутахассисимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали чет элда малака ошириб келди. Очиқ операцияларни ҳам, томир орқали бажариладиган ёпиқ операцияларни ҳам замонавий технологиялар асосида амалга оширамиз. Яқинда давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифлари давомида вилоят фаоллари билан учрашувда хорижда ишлаб юрган мутахассисларни юртимизга таклиф қилинглар, ойлик маошини ҳам, иш ва турмуш шароитини ҳам чет давлатларникидан кам қилмаймиз, дедилар. Бизнинг врачларимизни ҳам вилоят ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бошқармаси сўраб турибди, барчасини уй-жой билан таъминлаяпмиз. Ойлик маоши ҳам хорижда оладиган даражага келиб қолди. Шу пайтгача бундай имконият бўлмаган, бунинг қадрига етишимиз, билим ва тажрибамизни юртимизда қўллаб халқимизга ёрдам беришимиз керак.

  Марказ раҳбарининг қайд этишича, бугун турли омиллар, жумладан, кам ҳаракатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя этмаслик ва тўғри овқатланмаслик натижасида 45-50 ёшлардаги кишиларда ҳам инфаркт касаллиги кўп учрамоқда. Бу ёшдаги кишилар эса айни куч-қувватга тўлган, жамиятга, ўз оиласига хизмат қилиши керак. Шу боис жорий йилда муассасада инфарктолди ва инсультолди хасталикларни даволаш йўлга қўйилади. Касаллик эрта аниқланиб, даволаш чоралари кўрилади.

  Муассасада яқинда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг учта кафедраси учун жой ажратилди. Энди бўлажак шифокорлар шу ерда малакали мутахассислардан назарий билимлар билан бирга амалиётни ҳам ўрганади. Заруратга қараб, улар ҳам хорижда малака оширишга юборилади.

Ғолиб Ҳасанов,

Алишер Исроилов (фото).