Самарқандликлар Самарқандни севишадими?
Ишончим комилки, мабодо шу саволни берсангиз, истисносиз, ҳаммадан ҳа, албатта, деган жавоб оласиз. Тағин “Бу улуғ масканим билан фахрланаман” деб қўйишади. Бу бор ва ҳақ гап. Шундай буюк шаҳарда яшамоқ чинданам саодат. Ҳатто, хорижликлар бунинг учун бизга ҳавас қилишади.
Президент Ш.Мирзиёевнинг ҳам бу қадимий юртга садоқати ва эътибори бўлакча. Ҳар бир ташрифида Самарқандни янада гўзал, замонавий қилиш юзасидан таклифлар билдиради, хориж сармоядорларини бу ишга жалб этиш чораларини кўряпти. ШҲТ саммитининг 2022 йилда айнан Самарқандда ўтказилиши биз учун катта шараф. Аммо...
Очиғи, ана шу “аммо”сини айтиш ҳам, ёзиш ҳам оғир масала. Чунки бу тушунча давомида биз ана шу шарафга муносиб иш қиляпмизми, деган савол туради.
Тўғри, фидойилар кун сайин кўпаймоқда. Айниқса, тадбиркорлар сафи кенгаймоқда. Бироқ бозор иқтисодиётини баҳона қилиб, эҳтиёжини ортиқча қондириш, аниқроғи шахсий манфаатини кўзлаш илинжида юрганлар учраб турибди. Ва айнан шундай кишилар бошқаларга салбий таъсир кўрсатяпти.
Давлатимиз томонидан жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида тадбиркорларга жуда катта имкониятлар берилди. Йўловчи ташувчи уюшмаларнинг бир қисми аҳоли олқишига сазовор бўлаётир. Лекин соч-соқоли ўсган ҳайдовчининг такси рулида ўтириши, машина салонининг нотоза ва бадбўйлиги бу соҳага ижобий қарашимизга соя солмаяптими?
Чиқинди чиқариш кундан кунга такомиллашиб бораётган бир пайтда уйдаги чиқиндиларни йўлларга ташлаб кетиш, турли маҳсулотларнинг елим идишлари ва қоғозларни йўл-йўлакай машина ойнасидан йўлга отиб юбориш шу шаҳарга муносиблигимизни белгилайдими?
Демоқчиманки, Самарқанд билан ғурурланадиган инсон, уни севиши, ҳурмат қилиши ҳам зарур. Яъни, юртни севиш жонкуярликни талаб қилади.
Энди ўзингиз айтинг, кейинги 5-6 йил ичида қурувчилар бошлаган “ҳаракат” қайси қонун-қоида ёки одамгарчилик тамойилига тўғри келади? Болалар майдончалари, ҳатто ихчам ўйингоҳлар, тинчгина яшаётган фуқаролар уйлари ўрнига кўп қаватли уй қуриш авж олди. Пул эвазига ҳамманинг оғзини ёпишди. Жамоатчилик йиғиладиган кошоналар ёнида машина тўхташ жойи йўқ. Бу ишга бош қўшган тадбиркор, архитектор, қурувчи ёки ҳокимият масъуллари шунча ишдан сўнг “Мен Самарқандни севаман”, дея олармикан?
Суҳбат чоғида шу нарса аён бўлдики, бундай шахслар учун юрт шаъни, одамлар тинчлиги иккинчи даражага қўйилди. Ишонмасангиз кўринг, улар ҳамон ўз ишларини давом эттиришяпти. Жамоатчилик бундайларга танбеҳ беришни, уларни йўлдан қайтаришни қачон ўрганади? Ахир судлар судраб келган кўплаб ишларни жамоатчилик бир кунда, битта мулоқотда ҳал этиши мумкинлигини ҳаёт кўрсатяптику!
Битта қонун бузилиши ҳаётдаги иллатлар тагига сув қуяди. Шахсий манфаати йўлида уй қуриш учун жой олган “тадбиркор”га ўзига ўхшаган шотирлар топилади. Бу ишга таниқли қурувчи ва архитекторларнинг қўшилиши уларнинг Ватанга муносабатини белгиламайдими? Бундайларнинг ноғорасига ўйнаб, ҳужжатларини идорама-идора кўтариб юрган ҳуқуқшунослар, нуфузли идоралар ходимлари ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Энг ёмони, айрим кимсалар уйи бузилиши баҳонасида белгиланганидан кўпроқ ҳақ олиш анъанасини бошлаб беришди ва бу иш қизғин давом этмоқда. Улар учун барча шароитларга эга уй қуриш, одамлар оғирини енгил қилиш эмас, балки фойда олиш муҳимроқ.
Биз Самарқандни Париж, Рим, Боку каби бўлишини истаймиз. Очиқ осмон остидаги музейнинг ўз талаблари бор. У баҳаво, юришга, айланишга қулай бўлмоғи даркор. Уй-жойларни тарихий шаҳардан четроқда қуриш лозим. Янги массивларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш мумкин. Уйи бузилишга тушган шахслар масалага ана шу нуқтаи назардан қарашни ўргансин. Аммо айримларнинг бозор ва Регистон майдони атрофига жойлашишга уриниши шахсий манфаатдан бошқа нарса эмас.
Ўтган йили Боку шаҳрига борганимда автобусда телефонимни қолдирибман. Меҳмонхона соҳиби ўша ерга қайтиб боришимни айтди. Борсам, навбатчи телефонимни қўлида ушлаб турибди. Раҳмат айтгач, унга миннатдорчилик сифатида пул узатдим. У олмади ва “Ака бизга хориждан қанча одам кўп келса, даромадимиз шунча кўпаяди”, деди. Дарҳақиқат, нарсасини йўқотган сайёҳ бу ерга қайта келишни истамайди. Хўш, биз бундай фикрлашни қачон ўрганамиз?
Яна бир гап: ейиш-ичишни, кийинишни, юриш-туришни, ҳатто дўконларни номлашни ҳам хориждан ўзлаштирдик ҳисоб. Бироқ, энди ўзи яшаб турган масканга ҳурматни ҳам улардан ўргансак ёмон бўлмасди. Фақат хорижда эмас, ҳатто ўз юртимизда ҳам бизни самарқандлик эканимизни билишлари керакку!
Масаланинг муҳим бир томони борки, у раҳбарларнинг аҳолида ўз турар жойига ҳурмат ва масъулиятини кучайтириш бўйича олиб бораётган ишларидир. Яъни, Самарқанд ободончилиги йўлидаги эзгу ишларни қўллаб-қувватлаш ва аксинча, шаҳарсозлик қоида-тартибларини бузаётганларни тартибга чақиришдир. Бу ҳақда иккинчи мақоламизда батафсил сўз юритамиз.
Самарқандни севадиган фуқаро, энг аввало, ўзи яшаб турган уй, маҳалла, кўчани қадрлаши керак. Қўшнилар юрадиган йўлакни эгаллаб олган, ҳовлиси олдидан ўтадиган қувурни тозалаб турмайдиган, уйи олдига бир туп дарахт экмайдиган кимсаларга бу ақидани ким тушунтиради?
Самарқандни севиш осон эмас. Бунда шу юрт тақдири учун масъулиятни зиммага олмоқ лозим. Бу масъулият эса доимо инсонни саодатга яқинлаштиради. Бу саодат барчамизга насиб этишини истаб қоламан.
Фармон ТОШЕВ.