СамДТУ талабалари АҚШда ўқиш ва ишлаш имконига эга бўлди
Самарқанд давлат тиббиёт университети АҚШнинг Webster университети билан бир неча йилдан бери ўзаро ҳамкорлик алоқаларини юритиб келмоқда.
Жумладан, икки муассаса ўртасида тиббий биология ва олий ҳамширалик бўйича малакали мутахассисларни Америка стандартлари асосида тайёрлашга келишиб олинган эди.
Мазкур келишув доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети Ўзбекистон олий тиббий таълим муассасалари ичида биринчилардан бўлиб Webster университети билан ҳамкорликда ҳамширалик иши йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини амалга ошириш бўйича уч томонлама меморандум имзолади. Меморандумга кўра, 2024-2025 ўқув йилидан 3+1 шаклидаги ҳамширалик иши қўшма таълим дастури амалга оширилиб, СамДТУ талабалари АҚШнинг нуфузли университетида таҳсил олиш ҳамда малакаларини ошириш имконига эга бўлди.
Университетлар ўртасидаги мазкур қўшма таълим лойиҳаси мамлакатимиз тиббиёт олийгоҳлари ичида биринчи бўлиб, талабаларимизнинг жаҳон стандартлари асосида тиббий билим олишлари ва рақобатбардош мутахассислар бўлиб етишишларига кўмак беради.
Қўшма таълим дастурига қабул жараёнлари жорий йилнинг август ойида бошланади.
Одилбек Аҳмедов.