СамДУда антропоген ландшафтшунослик тараққиёти борасидаги ишлар хорижлик олимлар эътиборида
Самарқанд давлат университетида “Антропоген ландшафтшунослик: тадқиқот методлари, модернизация ва барқарор ривожланиш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Илмий-амалий анжуман Ўзбекистондаги “Антропоген ландшафтшунослик” илмий мактаби асосчиси, география фанлари доктори, профессор, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Али Абдулқосимовнинг 90 йиллик юбилейига бағишланди.
Нуфузли анжуманда Ҳиндистон, Германия, Польша, Руминия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь давлатларидан 50 га яқин олим иштирок этди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг антропоген ландшафтшунослик мактаби асосчиси, профессор Али Абдулқосимовни 90 йиллик юбилейи муносабати билан йўллаган табригини вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳусан Тўхтаев ўқиб эшиттирди ҳамда олимга эсдалик совғаларини топширди.
Анжуманда Москва давлат университети профессори, география фанлар доктори Виктория Битюкова, Татаристон Республикаси Ер ости бойликларидан фойдаланиш, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи, география фанлари номзоди Марат Фасхутдинов, Германиянинг А.Гумболдт номидаги Берлин университети доценти Савелий Кузмин ва бир қатор хорижий олимларнинг маърузалари тингланди.
Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.