СамДУнинг 38 нафар талабаси ўқишни Россияда давом эттиради
Самарқанд давлат университети Россия Федерациясининг олтмишга яқин олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатган.
- Самарқанд давлат университети ва Станкин Москва давлат технология университети ўртасида 2019 йилда меморандум имзоланганди, - дейди университетнинг халқаро таълим дастурлари факультети декани ўринбосари Азамат Аҳмедов. - Унга кўра, томонлар 2+2 дастури асосида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, уларга икки томонлама диплом беришга келишиб олинган.
Ушбу келишувга кўра, халқаро таълим дастурлари факультетининг 38 нафар талабаси Станкин Москва давлат технология университетида янги ўқув йилини бошлади.
- Кўтаринки кайфиятдамиз, бизга бу ерда барча шароитлар яратилган, - дейди халқаро таълим дастурлари факультети 3-босқич талабаси Диёрбек Исомиддинов. – Самарқанд давлат университетининг халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалари аллақачон амалий ишларга кўчди. Буни ўқишга кирганимда айтишганида тасаввур қилолмаган эдим. Нафақат биз, балки ота-оналаримиз, устозларимизнинг ҳам қувончи чексиз.
Ўтган ўқув йилида ушбу олийгоҳда СамДУнинг 16 нафар талабаси мехатроника ва робототехника йўналишида таълим олиб, икки тарафлама дипломларга эга бўлди. Хусусан, жорий йилнинг 14 сентябрь куни яна 8 нафар магистрант амалиёт ўташ учун Москвага йўл олади.
Москва давлат технология университетидан ҳар ўқув йилида 25 нафар талабанинг Самарқанд давлат университетида таълим олиши белгиланган. Ҳозирги кунда университет ушбу талабаларнинг келишига ҳозирлик кўрмоқда.
Отабек САЪДУЛЛАЕВ,
СамДУ ахборот хизмати ходими.