Сана: 14 ноябрь – Халқаро диабетга қарши кураш куни

1991 йилдан бери инсулин моддаси кашфиётчиси Фредерик Бантинг таваллуд топган сана - 14 ноябрь бутун дунёда халқаро қандли диабетга қарши кураш куни сифатида нишонланади.

Бу янги касаллик эмас. Қандли диабет ҳақидаги маълумотлар милоддан аввалги I асрда Цельс ва Арет каби юнон шифокорларининг қайдларида учрайди.

Кўп йиллар давомида одамлар бу касаллик билан қандай курашишни билмаган. Қандли диабет ташҳиси беморга нафақат тузалиб кетишга, балки яшашга ҳам умид қолдирмас эди. 1922 йилнинг январь ойида канадалик ёш олим Фредерик Бантинг инсулин моддасини инъекция қилиб, ушбу касалликнинг оғир формаси билан хасталанган 14 ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолади. Инсулин моддасига патент олиш ўрнига Бантинг барча ҳуқуқларни Торонто университетига беради. Кейинчалик барча ҳуқуқлар Канаданинг тиббиёт тадқиқот Кенгашига берилади ва 1922 йил охирида янги дори воситаси сотувга чиқади.

Гарчи қандли диабет касаллигига чалинган бемор бугунги кунда ҳам тўлиқ даво топмаса-да, инсулин моддаси ёрдамида у назоратда ушлаб турилади. Бу кашфиёт миллионлаб инсонларнинг ҳаётини асраб қолишга имкон яратди.