Сайдулла Мирзаевнинг олимлиги илму амали билан мукаммал эди
Бугун устозимиз - истеъдодли олим, моҳир педагог, адабий танқидчи Сайдулла Мирзаев таваллуд топганига 90 йил тўлди.
У кишининг ўзбек адабиёти равнақига қўшган ҳиссаси ҳақида кенг тўхталмоқчи
эмасмиз. Чунки бугун эълон қилинган "Адабиёт жонкуяри, зиёлилар фидойиси Сайдулла Мирзаев ҳаёт бўлганида бугун тўқсон ёшга тўларди" мақоласида бу ҳақда мукаммал ёзилди.
Ўтган асрнинг 30-йилларида Самарқанд давлат университетида филолог олимларнинг бутун бир авлоди етишиб чиқди, адабиётшунослик, тилшунослик мактабларига асос солинди. 60-йилларга келиб эса дорилфунунда филология илмининг иккинчи бир тўлқини юзага келди. Академик Воҳид Абдуллаев раҳнамолик қилган бу авлод вакиллари ўзбек адабиёти муаммоларини жаҳон адабиётшунослигининг талабларига мувофиқ ҳар томонлама тадқиқ этишга киришиб, миллий адабиётимизнинг бугунги равнақини белгилаб берди. Б.Валихўжаев, Н.Шукуров, Р.Орзибеков, Р.Қўнғуров қатори бу борада филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сайдулла Мирзаевнинг ҳам муносиб ўрни бор.
Истеъдодли олим Сайдулла Мирзаев ярим асрдан ортиқроқ давр мобайнида университетда меҳнат қилиб, илм-фан тараққиёти ва етук кадрларни тайёрлашга улкан ҳисса қўшди. Устоз Сайдулла Мирзаевнинг бутун фаолияти университетимиз ҳаёти билан узвий боғлиқ эди. Адабиётшунос олим 1955 йилда номзодлик, 1973 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Сайдулла Мирзаев адабий танқидчи сифатида ўнлаб ижодкорларнинг асарларини холисона таҳлил қилди, ютуқ ва камчиликларини кўрсатиш баробарида ижодкор зиммасида турган бадиий сўз масъулиятини қайта-қайта уқтирди. Етук ижод маҳсули бўлган асарларни тарғиб қилиш билан бир қаторда, ўзининг илмий салоҳиятини намоён қилди.
С.Мирзаев ижодида адабий портрет жанри муҳим ўрин тутади. Адабий портретнинг бошқа илмий жанрлардан мураккаблиги шундаки, тадқиқотчи ўрганилаётган ижодкор асарларининг барчасидан хабардор бўлиши керак ҳамда ўқиб, уқиб, таҳлил қилиб, умумлаштириш салоҳиятига эга бўлиши керак. ХХ аср ўзбек адабиётининг бирор муаммоси, кўзга кўринган бирор вакили йўқки, Сайдулла Мирзаев эътиборидан четда қолган бўлса.
Адабиётшунос олимнинг олти юзга яқин мақоласи вақтли матбуотда эълон қилинди, илмий-ижодий фаолияти давомида 25 дан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалар яратди. “Ўзбек романчилиги”, “Мустақиллик даври ўзбек адабиёти”, “Ҳаёт ва адабиёт”, “ХХ аср ўзбек адабиёти” каби асарлари бугунги кунда ҳам филолог-талабалар учун асосий адабиётлардан саналади.
Устоз Сайдулла Мирзаев вақтни жуда қадрларди, деярли бўш вақти бўлмасди. Буни устознинг биографиясини кузатиб ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин. Йиллик 1000 соатга яқин ўқув юкламасидан ташқари кафедра, факультет юмушлари, тирикчилик ташвишлари-ю, фарзандлар тарбиясидан ортиб, муттасил илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиш ҳар қандай олимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Бекорга илм йўлини игна билан қудуқ қазишга ўхшатишмайди. Сайдулла Мирзаев илмий заҳматлари маҳсули бўлган асарлари ҳажми 100 босма табоқдан зиёдроқ. Улар шунчаки, йўл-йўлакай ёзилган нарсалар эмас, балки илмий мулоҳазаларга бой, асосли таҳлилларга таянган, мантиқан тугал, илмий-назарий жиҳатдан пишиқ-пухта асарлар.
Устоз ижодининг қамров доираси ниҳоятда кенг. Унинг Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Тоғай Мурод, Хайриддин Султон кабилар ижодига оид тадқиқотлари ўзбек адабиётининг кўз-кўз қилса арзийдиган, жаҳон адабиёти асарлари билан бўйлаша оладиган нодир намуналари борлигини исботлаб берди.
Эркин Воҳидов “Олиму илму амал” дея лутф қилганда Сайдулла Мирзаевга ўхшаган меҳнаткаш ва хокисор олимларни назарда тутган. Чиндан, Сайдулла Зиёдуллаевичнинг олимлиги илму амали билан мукаммал эди ва шу сифатлари билан хотирамизда мангу сақланиб қолди.
Шавкат Ҳасанов,
Азмиддин Носиров,
филология фанлари докторлари.