Сайёҳлик салоҳияти ошяпти, сайёҳлар салоҳияти-чи?
“Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”, дейишади. Дунёда минглаб инсонлар тоза ичимлик суви етишмовчилигидан азият чекиб, ифлосланган ҳаводан нафас олаётгани сабабли турли бедаво ва оғир хасталикларга чалинаётган бир пайтда “инсон” ҳаёт манбаи ҳисобланмиш неъматларга эга эканлигига шукр қилиш ўрнига уларни бепарволарча исроф қилмоқда.
Дам олиш, ҳордиқ чиқариш ёки саёҳат баҳонасида боғ-роғларнинг тоза ҳавосидан нафас олиб, сойликларда дил ёзиб, якунда чиқиндиларни қолдириб кетиш орқали сўлим гўшаларни чиқиндихонага айлантираётган ҳам “инсон”лардир.
Аксарият замондошларимиз “Табиат муҳофазасини фақат мен ўйлаганим билан нима ўзгарарди?” қабилида иш тутишиб, атроф-муҳит ифлосланишининг яна янги, салбий босқичга чиқишига замин яратмоқда. Бир вақтлар мусаффо ҳавоси-ю, гўзал манзаралари билан тилларда достон бўлган масканлар бугун на сайёҳлик маданияти ва на инсонийлик меъёрларини биладиган кимсаларнинг қадами етгач, киши кўзи тушса, дили хуфтон бўладиган даражага бориб улгурган.
Албатта, ички ва ташқи туризм, сайёҳлик кўрсаткичлари ошиши иқтисодий ўсишга замин яратади, бироқ табиатимиз-чи? Унинг эртасини ким ўйлайди? Бугун арзимасдек туюлаётган масалалар кун келиб ечим топиш мушкул бўлган катта муаммоларга айланиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, наздимда.
Ўзбекистон ерларининг 7 та ҳудудида ер ости сув сатҳи одатдагидан 5 метрга пасайган. Ўлкамизда яқин келажакдаги қурғоқчилик эҳтимоли дунё олимлари томонидан юқори кўрсаткичга етиши тахмин қилинмоқда. Шу кўрсаткичнинг ўзи ҳам ечим томон қадам ташланмаса, оқибат аянчли бўлиши мумкинлигидан далолатдир.
Сайёҳлик салоҳияти билан бирга сайёҳларнинг саёҳат қилиш салоҳиятини, яъни табиатга нисбатан муносабатини ҳам тарбиялаб бориш лозим. Шундагина табиат ресурсларининг давомли зарарланишига қисман чек қўйиш мумкин.
Гулшода Сирожева,
Регистон ансамбли гид-экскурсаводи.