«СЭС»га касални аниқлашга боряпмизми ёки юқтиришга?

Аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатининг кўпайиши барчамизни ҳушёрликка ундамоқда. Ўзида бу касалликнинг бирор аломатини сезган инсон борки, тест топшириб, тезроқ шубҳа-гумонлардан қутулишни истайди. Аммо...

Самарқанд вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида кишининг таъбини хира қиладиган ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Марказга ўзида коронавирус бор ёки йўқлигини аниқлаш учун тест топшириш мақсадида келганларнинг аксарияти тиббий ниқоб тақмаган. Ниқоби борлар ҳам уни қўлига “билакузук” қилиб, олиб юрибди.

Навбатда еттинчи бўлдим. Унинг бошроғида олифта бир аёл боғча ёшидаги икки фарзанди билан турибди. Навбат кутаётганлардан кимдир йўталяпти, яна кимдир ниқобини қўлида чилпирак қилиб ўйнаб ўтирибди. Аёл эса бефарқ. У на ўзи ва на болаларига ниқоб таққан.

Навбатга келиб қўшилган отахон бунга жим қараб тура олмади:

- Бу дейман, қизим, текширтириш учун эмас, юқтиришга келибсиз-да! Болаларни аясангиз бўлмайдими?

Бу гапдан кейин навбатда турганлар бирин-кетин ниқобини тақа бошлади. Она-болаларнинг ортида турган, йўтали кучайган одамнинг ниқоби йўқ шекилли, бошини курткасининг ичига тиқди. Фақат, ҳалиги аёл бепарволигича қолди.

Афсуски, бугун савдо дўконлари, расталар, бозорларда вазият бундан-да ёмон. Оддий санитария қоидаларига амал қилмай ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини хавф остида қолдирмоқдамиз.

Хўш, саломатлик ким учун муҳим? Ниқобни ўзимизнинг соғлиғимиз учун тақамизми ёки жаримадан қўрқибми? Озгина эътиборли, масъулиятли бўлайлик…

Асқар Баротов.