Шаҳар бедарвоза эмас ёхуд тақиқланган воситалар савдосига чек қўйилди

Аҳоли ўртасида пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари томонидан тезкор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Аммо нафсига қул бўлган кимсалар ҳамон орамизда учраб турибди.

Биргина 16 декабрь куни 15 нафар фуқаро 28 043 та пиротехника воситаси билан қўлга тушди.

Хусусан, Пахтачи тумани ҳудудида ўтказилган махсус профилактик тадбир давомида тумандаги Можор маҳалласида яшовчи вояга етмаган Х.К. ҳамда Тома маҳалласида яшовчи З.Ш. пиротехника воситаларидан фойдаланаётган вақтида ушланиб, холислар иштирокида текширилганда 122 дона, умумий қиймати 100 минг сўмлик “Новый век” русумли пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида Панжикент кўчасида жойлашган интернет дўкони холислар иштирокида кўздан кечирилганида Самарқанд шаҳрида туғилган фуқаро А.Ж. 5 дона мушак ва 5 400 дона “Британик” номли умумий қиймати 380 минг сўмлик пиротехника воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги, шаҳардаги 58-умумтаълим мактаби 4-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган  рейд тадбирлари давомида Дарғом маҳалласи Шаҳристон кўчасида яшовчи вояга етмаган Х.Ж. нинг ёнидан 3 қути 165 дона “Новый век” ҳамда 3 қути 160 дона “Трения” номли умумий қиймати 250 минг сўмлик пиротехника воситасидан фойдаланаётганлиги аниқланди.

Булунғур тумани Мирзаариқ маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.И. вояга етмаган фарзанди Т.Д. билан биргаликда Самарқанд шаҳар Даҳбед кўчасида жойлашган “Бек” меҳмонхонаси олдида ноқонуний равишда “Трения” номли умумий қиймати 800 минг сўмлик 1100 дона пиротехника воситаларини ёнида олиб юрганлиги, Чармгари маҳалласи Кафтар кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро М.Ш.нинг ёнидан 1200 дона, умумий қиймати 800 минг сўмлик пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Янгиқўрғон маҳалласида яшовчи А.Ш. пиротехника воситасини ишлатган вақтида унинг ёнидан 3 қути 135 дона умумий қиймати 100 минг сўмлик “Трения” ёзувли пиротехника воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Яна бир тезкор-қидирув тадбирида Тойлоқ тумани Ўзбекистон маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Ж.нинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганида, жами 10 200 дона "Британик" номли умумий қиймати 4 миллион 250 минг сўмлик пиротехника воситаларини сотаётганлиги аниқланди.

Ургут шаҳар “Боғишамол” маҳалласи ҳудудида ўтказилган тадбир давомида эса мазкур маҳаллада яшовчи вояга етмаган, туманнинг 85-сонли умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олувчи Ғ.И. томонидан ноқонуний равишда 7 дона “Золотой песок” номли тахминий бахоси 420 минг сўмга тенг бўлган пиротехника воситаларини сотаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Паст Дарғом тумани ҳудудида ўтказилган тезкор профилактик тадбирлар натижасида туманда жойлашган 41-умумтаълим мактаби ўқувчиси Э.А. ўзининг яшаш уйида пиротехника воситаларини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги тўғрисида маълумот олинди. Тадбир давомида фуқаро Э.А.дан яшаш хонадонида умумий қиймати 840 минг сўм бўлган 2 760 дона “Новый век” номли пиротехника воситалари далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.

Нуробод тумани ҳудудида олиб борилаётган “Пиротехника-2022” тадбирлари давомида Нурбулоқ маҳалласи Ҳ.Олимжон қишлоғида яшовчи фуқаро Э.Ж.нинг бозор сумкаси кўздан кечирилганда, унинг ичидан “Трения” номли 10 200 та, умумий баҳоси 5 миллион сўм қийматдаги пиротехника воситалари борлиги ва уни сотаётганлиги аниқланиб, қонуний ҳужжатлаштириб олинди.

Самарқанд туманида олиб борилган профилактик ишлар давомида, Қавчинониболо маҳалласида яшовчи вояга етмаган С.А.ноқонуний равишда “Британик” ва “Трения” номли пиротехника воситаларини сақлаб келаётганлиги аниқланди. Мазкур фуқародан жами 600 дона, умумий қиймати 400 минг сўмлик пиротехника воситалари далилий ашё сифатида олинди.

Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан қонуний тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли  моддаларига асосан маъмурий баённомалар тузилган.