Божхоначилар пиротехника савдосига чек қўйди

Одатда Янги йил байрами арафасида пиротехника воситаларни кўча-кўйда пуллаб, мўмайгина даромад қилишни мақсад қилган уддабуронлар кўп учрар эди. Буни қарангки, ёз бўлишига қарамай айрим кимсалар пақилдоқларни олди-сотдиси билан ҳам шуғулланиб юрган экан.

Олинган маълумотлар асосида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчасида тезкор тадбир ўтказди. Натижада фуқаро Х.Б. пиротехника воситаларини сотмоқчи бўлган вақтида тўхтатиб қолинди. 

Холислар иштирокида унинг мулклари кўздан кечирилганда тахминий қиймати 2 500 000 сўмлик “Волк” ёзувли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.

Мазкур пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилиб, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.