Шавкат Мирзиёев: 31 та лойиҳада қолоқликка йўл қўйилган, 8 та ҳудудий лойиҳа самарасиз ишламоқда
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг жорий йилда кутилаётган натижаларини кўриб чиқиш ва 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш вазифаларини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда йил якунигача қолган қисқа вақтда амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама этилган. Хусусан, тармоқ корхоналарида мавжуд захираларни сафарбар қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, нефть-газ, электр энергетикаси, кимё саноати ва бошқа йирик корхоналарнинг солиқ қарздорлигини бартараф этиш бўйича вазифалар белгиланган.
Шунингдек, инвестицияларни ўзлаштириш ҳолати ҳам таҳлил қилинган. Президент 31 та лойиҳа бўйича қолоқликка йўл қўйилгани, 8 та ҳудудий лойиҳа самарасиз деб топилганини кўрсатиб ўтган.
Йиғилишда иқтисодиётда 2020 йил учун белгиланган асосий режаларни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Келгуси йилда ялпи ички маҳсулот 5,5 фоизга, саноат 6,5, қишлоқ хўжалиги 4 ва хизматлар 5,7 фоизга ўсиши прогноз қилинган. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкка ушбу кўрсаткичларга эришишда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ҳозирдан тўғри баҳолаб, барча идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш юзасидан топшириқлар берилган.
Йиғилишда жаҳонда рўй бераётган турли иқтисодий зиддиятлар таъсирига эътибор қаратилиб, келгуси йил мураккаб ва синов йили бўлиши таъкидланган.
Ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинган. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш, бунинг учун маҳсулот етиштирилишидан қайта ишланиб, бозорда сотилгунча бўлган жараённи тўлиқ қамраб олган ҳолда назорат қилиш бўйича масъуллар белгиланган.
Режалаштирилган 201 та муҳим инвестиция лойиҳасини ўз вақтида ишга тушириш, шунингдек, 2020-2022 йиллар учун мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш орқали келгуси йили 400 мингга яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Президент мутасаддиларга шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиб, белгиланган режаларни сифатли бажариш бўйича топшириқлар берган.