Шифокор кўрган-кечирган воқеа: "Ҳаётга қайтиш"
2-қисм
Кунларнинг бирида: “Илмий ишларингизни ўқиб чиқдим, маъноси теран, ҳатто телефонда москвалик академик Носоновага айтгандим, у "Жуда яхши. Иложи бўлса, битта шу тўғрисида шогирдингиз билан монография ёзинглар", деб қолди. Нима дейсиз?"
Икки бора “Албатта, хўп” деганимни билмай ҳам қолдим. Хурсандчилигимдан еру-кўкка сиғмасдим.
ТошМИнинг сердарахт йўлакларидан юриб ҳавас билан дерматовенерология институтига кириб келдим, лекин бу жойда нимагадир муҳит ўзгача эди. Қайсидир бўлимдан янги ҳеч ким тушунмайдиган бир бемор аниқланибди. Жуда юқумли экан. Алоҳида хонага ўтказишибди. Ҳамма ваҳимада. Кечга бориб раҳбар ўз хонасига мени таклиф қилди.
- Ука, сиз аввал моховхонага борганмисиз?
- Ҳа, лекин бунга жуда кўп бўлди, Собиқ иттифоқ даврида эди...
- Сиздан илтимос, эртага эрталаб беморни моховхонага топшириб келинг, биз сизга ҳамма шароитингизни қилиб берамиз. Кейин сиз билан гаплашадиган ишларимиз бор. Хўп, саломат бўлинг, - деб мени эшиккача кузатиб қўйди.
Эртасига эрталаб сан.авиациянинг йўллаган машинасида беморни олиб моховхонага кетдик. Ҳақиқатан ҳам беморнинг афти башараси жуда қўрқинчли эди. Энди менинг хаёлимни ҳам қўрқув эгаллаб олган. Нега бу раҳбарлар ҳар сафар менга ёпишиб олишди. Нима, бошқаларнинг пешонаси ярқираганми? Ахир, менинг беморларга ҳеч қанақа алоқам бўлмаса, бор-йўғи лаборатория соҳасида илмий ходим бўлсам. Раҳбарларга бир оғиз қарши гап айтолмасам, бу нима деган гап? Кейин яна тиббиёт ходимларнинг қасамини эсладим. Менми ёки бошқами, ахир кимдир беморни кузатиб бориши керак-ку. Кел, майли бу сафар ҳам раҳбарларнинг назари менга тушибди. Бир кун келиб ижобий самараси бўлар.
Пешин бўлмасдан моховхонага кириб келдик, лекин энди ҳовлидаги кўкаламзору-дарахтзорлардан из ҳам қолмаганди. Беш-ўнта болалар қўй-эчки, мол боқишарди. Айримлари четроқда копток тепишарди. Аввалги темир панжаралар ҳар-ҳар ерда қолган. Касалхонага кираверишдаги бешта толдан иккитаси қолибди, холос. Уларнинг ҳайҳотдек танасининг ичи чириб, бир томонга сал қийшайган, шох-шаббаси анча сийраклашган. Лениннинг ҳайкалидан урвоқ ҳам қолмабди, ўрнини текислаб, чопиб, ҳар хил гуллар экиб қўйишибди. Беморлар ҳам бор-йўғи тўртта-бешта қолибди, холос. Катта касалхонанинг икки-учта хоналари ишга яроқли, қолган хоналар хонавайрон бўлганди. Бирининг эшиги, бирининг поли, қолганларининг ойна-деразалари ўрнига занг босган тунукалар, чириган тахталар қинғир қийшиқ қилиб қоқилганди. Узундан-узун коридорларнинг поли чириб, ер билан тенг бўлганди.
Қарангки, менинг эски "оғайни"м тирик экан.
- Ҳа “молодой” дўхтир, яна ташриф буюрибдилар-да, бизнинг ноламизни етказмабсиз, шекилли. Ҳамманг катта-кичик бирсизлар. Бизнинг дардимизни ҳеч қачон билмагансизлар, билмайсизлар ҳам. Хўш, мана орадан ўн йилдан ортиқ вақт ўтди, касалхонадаги ўрис, корейс, ўзбек, тожик, қорақалпоқ қолмади. Ҳаммаси ўлди, ҳў анави қабристонда ётибди. Уларни ҳар куни қўй-эчкилар тепкилайди. Атрофга қара, на эшик, на дераза қолди. Темир панжараларни талаб кетишди. Иморатга атайлаб ўт қўйишади. Кейин ўт кетди, деб бутун борлиқни ўғирлашади. Буни моховлар эмас, ўзини соппа-соғ деб юрган атрофдагилар қилишяпти. Қани битта мохов уларнинг уйининг чегарасидан ўтиб кўрсинчи, энасини Учқўрғондан кўрсатишади. Қани инсоф, қани диёнат, моховхонанинг атрофидаги салкам йигирма гектар суғориладиган ер бор, жаноб катталар уни ҳар йили баҳорда ўзларининг фойдасига мусодара қиладилар. Эвазига кеч кузда касалхонага икки қоп пиёз, икки қоп чириган картошка ташлаб кетишади. Аслида уларнинг ўзи мохов эмасми?, - дея нолиш қилиб қолди.
Бемор баҳонасида моховхонанинг қолган иморатларини ҳам биргаликда айланиб чиқдик. Энди қўяверасиз, иншоот шунчалик катта эдики, бу жойда 500-600 та бемор бир пайтда бемалол яшаб даволанса бўлади, ўтган асрнинг 30-40-50 йилларида шундай ҳам бўлган: Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, қолаверса, Россиянинг катта ҳудудларидаги моховхоналардан беморларнинг бир қисми ушбу касалхонага йўлланган. Айниқса, Қорақалпоғистондан аниқланган беморлар тез-тез жўнатилган. Озарбайжон, Арманистон, ҳатто Болтиқбўйи республикалари - Эстония, Латвия ва Литвадан ҳам беморлар келишган. Мана бу катта хона клуб бўлган, юқоридаги саҳнада беморлар ўзлари ҳар хил спектакллар қўйишган, кино кўришган. Хуллас, катта даргоҳ бўлган.
- Бу ерга бегоналар кирса бўладими? – сўрайман отахондан.
-Э, ука, сенинг қоғозингда кирмайди, деб ёзилган. Асли бу ер отхона, фақат сиз, шаҳарликлар билмайсизлар, кечқурун келгин, бутун Булунғурнинг ароқхўрларию, қиморбозлари шу ерга йиғилади, эртасига эрталаб уй-уйларига тарқаб кетишади. Моховларга улар озроқ “доля” беришади. Ўғри муттаҳамлар ҳам иши "бости-бости" бўлгунича бир-икки кун тунаб кетишади. Ана сенга моховхона, мана сенга моховхона.
Ахир, бизга катта домлалар маъруза ўқишганида моховхонага ташқаридан ҳеч ким киритилмайди, у жойлар қаттиқ қўриқланади, дейишган эди, демак, ҳаммаси чўпчак экан-да ёки биз, тепадагилар булар тўғрисида кўп маълумотларни билмаймиз. Билмагандан сўнг ҳар хил афсонавий гаплар халқ орасида кўпаяверади. Кейин у болалаб кетади.
Кечга бориб уйга қайтдик, шофёр амакининг ҳам сабр косаси тўлиб кетибди, 10-15 дақиқа катта йўлга чиққанимизча ўзича валдираб келди. Менда эса моховларга нисбатан қандайдир ўзига хос илиқлик пайдо бўлганди. Уларни кўпроқ ўрганиш, дардини эшитиш иштиёқи билан Тошкентга кириб келдим.
Эртасига эрталаб директор, профессор Адҳам Шавкатович Ваисов ўзи шахсан хонасига таклиф қилди. Салом-аликдан сўнг сафарда кўрган-билганларим, моховхонадаги ҳаёт тўғрисида батафсил маълумот бердим. Қаранг, у киши мени сабр ва қизиқиш билан тинглади, ҳатто бирор марта ҳам сўзимни бўлмади.
- Раҳмат ука, жуда зўр ишлар қилиб келибсиз, лекин биз ҳам сизга бир таклиф билан мурожаат қилмоқчимиз, - деди сўнг. - Институтнинг клиникаси қошида мохов касаллиги билан шуғулланадиган махсус врач-лепролог деган штат мавжуд. Биз сизни шунга ўтказмоқчимиз, лабораториядаги ишингизни, илмингизни параллел равишда олиб бораверасиз. Олти ойлик дерматовенерология мутахассислигини ўқийсиз, биз сизга ёрдам берамиз.
Мен ҳеч ҳам иккиланмасдан рози бўлдим. Шунда у бирданига кулиб, “Раҳмат, кўнглим сезганди, деди. - Мустақил Ўзбекистонга шундай йигитлар керак", деб олқишлади.
Ойлар ўтди, малака ошириш, мутахассисликни олиш ҳам ниҳоясига етиб қолди. Кунларнинг бирида кафедранинг оқсоқол ходимларидан бири дарс жараёнида ўзидан-ўзи: “Мен сизни ҳурмат қиламан, аммо сиз лаборатория ходимисиз, тўғрироғи, микробиологсиз, лекин нима учун дерматовенерологияга даъвогарлик қиляпсиз, тушунмайман, - деб қолди. Мохов дўхтири бўлиш учун олти ой ўқиш шартми, уларни моховхонага олиб бориб ташланади холос, тамом. Кейин нима бўлса ҳам шу томонларда қолиб кетади. Уларни изоляция қилиш керак”, дея таъкидлади.
Бу гаплар ҳамманинг олдида менга жуда ёмон таъсир қилди. Демак, буларнинг бирортаси ҳам моховларнинг тақдири билан қизиқмайди, ҳатто қизиқишни истамайди ҳам. Бир-бирига эски афсонавий гапларни тарқатиб юраверишади. Эй, инсон, қайси даврда яшаяпсан, ахир одамлар космосда учиб юришибди-ку.
Олти ойлик дарс жараёнида бир нарса маълум бўлиб қолди, яъни ўзбек тилида тери ва таносил касалликлари мавзусида китоб умуман йўқ экан, борларининг ҳаммаси ҳам рус тилида. Ахир энди ўзбек тили давлат тили мақомини олди-ку. Ҳар куни 3-4 соатлаб дарс қиламан, маърузаларни қайт-қайта варақлаб бир фикрга келдим. Мана шу жараёнда дарслик яратиш керак, демак, ҳам ўқиш, ҳам ёзиш керак.
Бир-икки ҳафтадан сўнг директорни ҳовлида кўриб қолдим.
- Яқинда Олмаота шаҳрида дерматовенерологларнинг халқаро конференцияси бор, шунга иккаламиз бориб келсак яхши бўларди, - дея таклиф киритди. - Аммо автоулов сиздан бўлади. Бутун Собиқ Иттифоқдан меҳмонлар келади, эски оғайниларни кўрамиз. Иложи бўлса, илмий ишингизга бағишланган битта маъруза ҳам тайёрланг.
Бу сўзларни эшитиб, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим.
Шундай қилиб, мен белгиланган кун етиб келаман, дедим-да бир қўлимни кўтариб, хайрлашдим.
Кечга бориб директор раҳбарлигида Олмаотага кириб келдик. Бизни яхши кутиб олишди. Меҳмонхонага жойлашиб, кечки овқатни мезбонлар билан тановул қилдик. Директор мени хурсандчилик билан Олмаота дерматовенерология илмий текшириш институтининг маъмурияти ва ходимлари билан таништирди. Қисқа вақт ичида қозоқ ҳамкасбларимиз билан худди эски қадрдонлардек дўстлашиб кетдик. Чамаси бир соатлар ўтиб, москвалик меҳмонлар ҳам бизнинг даврамизга қўшилишди. Айниқса, Россиянинг марказий дерматовенерология институти директори, академик Ю.К.Скрипкин дастурхонга ўзгача файз олиб келди. У менинг лепролог бўлганлигимни эшитиб, алоҳида урғу бериб гапирди:
– Мен бу ёш олимни аввалдан танийман. Адашмасам, Москвада профессор В.В.Делекторский қўлида таълим олгансиз. Номзодлик диссертациясини шу киши раҳбарлигида бажаргансиз.
Шунча вақт ўтса ҳам ёдида сақлаб қолганлигига қойил қолмасдан илож йўқ эди. Эртасига пешиндан кейинги мажлисда мен ҳам илмий ишимга бағишланган маърузамни ўқиб бердим. Кечга бориб академик Ю.К.Скрипкин конференциянинг биринчи кунига хотима бериш пайтида менинг лепролог бўлганлигимни ва бу соҳани эсдан чиқармасдан, аксинча ичига чуқурроқ кириб боришимни ва йиғилиш баённомасига киритиб қўйишни таклиф қилди.
Олмаота конференцияси ҳақиқатдан ҳам жуда мазмунли ўтди, айниқса, биз, ёшлар кекса авлоддан оламшумул янгиликларни эшитдик. Ҳаммасидан ҳам москвалик дерматовенерологнинг мохов касаллиги тўғрисида билдирган фикрлари менга жуда куч-ғайрат бериб юборди.
Эътибор, мақтов кимга ёқмайди, дейсиз? Мен ҳам янги фикр ва иштиёқ билан уйга кириб келдим.
Орадан бир ой ўтар-ўтмасдан вазирликка чақириб қолишди.
- Энди сиз олти ойлик махсус малака оширишда ўқиб дерматовенеролог деган мутахассисликни олдингиз, - деб сўз бошлади бошқарма бошлиғининг муовини Баҳром Истамович. - Вазирнинг таклифига биноан сизга лепрология соҳасида бош мутахассислик лавозими берилди, текинга эмас, қўшимча ойлигингиз эллик фоиз устама ҳам берилади. Лекин қисқа вақт ичида бутун республикадаги лепрология муаммосини ўрганиб чиқасиз, кейин шахсан Вазирнинг номига маълумотнома топширасиз. Ишни кейинги ҳафта Қорақалпоғистондан бошлайсиз, - деди-да шу заҳоти институт директорига ўтирган жойидан туриб қўнғироқ қилди. Ҳеч иккиланмасдан директор ҳам таклифни ижобий баҳолади.
Қорақалпоғистонга самолётда учдим, бор-йўғи бир ярим соатда Қорақалпоқ элига қўндик. Аэропортнинг кутиш залида мени баланд бўйли бир рус киши кутиб олди.
– Биламан, сиз бош лепролог Эгамберди Ҳусанович Эшбоевсиз, мен эса лепрозория бош шифокори Идунов Владимир Ивановичман, салкам йигирма йилдан бери шу соҳада иш юритаман. Сизнинг шу соҳага республика бўйича бош мутахассис этиб тайинланганингиздан жуда хурсанд бўлдик. Кўп йиллар бўлди, бошлиқлар лепрология муаммоларига қарамай қўйганди, тўғрироғи, кўпчилик ҳанузгача моховлардан қўрқишади, буни бизнинг тилимизда “лепрофобия” дейилади. Сиздан илтимос, бу сўзга умуман эътибор берманг. Мен бу борада катта тажрибага эгаман. Ҳали моховхоналарда ишлаган биронта шифокор ёки ҳамширага касаллик юқмаган. Аммо ташқарида ҳар хил куракда турмайдиган гаплар юради. Ҳатто моховларни махсус аскарлар қўриқлайди. Овқатларини тепадан ташлайди. Моховхоналар “борса-келмас” деган оролларда жойлашган деган сафсаталарни тўқиб юришади. Бу фикрларнинг барчаси мутлақо нотўғри.
Бир кўришда бу инсон билан худди эски қадрдонлардек ака-ука бўлиб кетдик. Владимир Иванович сўзини якунламасданоқ моховхонага етиб келдик. Касалхонада шифокорлар, ҳамширалар, фаррошлар, қўйингчи, барча хизматчилар саф тортиб бизни кутиб олишди. Уларнинг устидаги халат, қалпоқчаси текис қилиб крахмалланиб дазмолланган, атрофга яқинда сув сепиб-супурилганлиги, тозалиги мени ўзига ром қилди. Ҳаммасининг юзида хурсандчилик аломатлари сезилиб турарди. Кейин Владимир Иванович барчани мажлислар залига йиғиб, мени таништирди. Келажакдаги режаларимиз ҳақида фикрлашиб олдик. Асосий муаммо мажлисдан кейин бошланди.
Шифокорлар чиқиб кетиши билан залга бирин-кетин беморлар кириб кела бошлади. Кимнингдир юзи қийшиқ, кимдир чўлоқ, яна кимнингдир икки қўлларининг бармоқлари қийшайиб кетган. Хонага камида эллик-олтмиштача бемор йиғилди. Бир зумда бутун залда ўзига хос ҳид тарқалди. Тўғрисини айтсам, тилим калимага келмай қолди. Асосий савол-жавобларнинг ҳаммасига Владимир Иванович жавоб берди. Йиғилишнинг охирида ёши каттароқ бир бемор туриб менга қараб гапириб қолди.
– Ука, биз билан ҳамдард бўлсангиз, шу лавозимда ишланг, агарда хуш кўрмасангиз йиғиштиринг. Бу соҳани ўрганиш керак, ҳали одамлар орасида санғиб юрган беморлар жуда кўп. Уларни топиб даволаш сизнинг бурчингиз. Шунда 10-20 йиллардан сўнггина охири кўриниб қолади.
- Менга озроқ вақт беринглар, албатта ҳамдард бўламиз, - дедим.
Тушликни шундоққина моховхонадан бир километр узоқликда жойлашган Ўзбекистоннинг энг катта дарёси Амударёнинг бўйида қилдик. Амударёнинг суви одатда лойқа бўларди, аммо бу ерда у шунчалик тиниқ ва соф эдики, бемалол ўз аксингни кўрсанг бўларди.
Владимир Иванович шунчалик меҳрибон инсон эдики, ичидаги барча билимларини баралла менга тушунтириб берарди. Керак бўлса, ҳар бир беморнинг бутун бир уруғ-авлодини эринмасдан айтарди. Мени меҳмонхонага олиб бормасдан, тўғри уйига олиб кетди.
Эгамберди Эшбоев.
Давоми бор.