Шольц: Украинанинг альянсларга аъзолиги масаласи кун тартибида йўқ — Путин билан Шольцнинг бугунги музокараси нима беради?

Украинанинг ҳар қандай альянсга аъзо бўлиши масаласи ҳозирда кун тартибида эмас. Бу мавзунинг жорий кун тартибида йўқлиги ҳақида Германия канцлери Олаф Шольц Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг маълум қилди, деб ёзади “ТАСС”.



Шольц Киевнинг НАТОга кириши масаласини Москва жиддий ташқи сиёсат мавзусига айлантираётганини ғалати деб атади. Канцлер, шунингдек, Украинанинг ҳудудий яхлитлиги Берлин учун устувор масала бўлиб қолаётганини таъкидлади.

Аввалроқ Шольц Германия Киевни қўллаб-қувватлашда давом этиши ва унинг томонида эканлигига ишора қилганди. Унинг қўшимча қилишича, дунёнинг ҳеч бир давлати Украинага Германия каби бирдамлик кўрсатмаган. Немис канцлери Берлиннинг қўллаб-қувватлаши Украинани янада кучли ва мустақил қилганига аминдир.

Германия канцлери Олаф Шольц бугун Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашиб, Украина инқирози юзасидан кескинликни юмшатишга уриниб кўради. Ташриф арафасида Шольц ҳар қандай кейинги ҳарбий тажовуз "Москва учун оғир оқибатларга олиб келиши" ҳақида огоҳлантириб, Германия зудлик билан деескалация ҳаракатини кўриш тарафдори эканлигини таъкидлади.

Кеча Киевда Владимир Зеленский билан музокаралар олиб борган Олаф Шольц Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўтказишга чақирди. Кремль аввалроқ Путин ва Зеленский ўртасидаги учрашув эҳтимолини истисно қилмаслигини, шу билан бирга Россия бундай учрашувдан қандай натижа кутишини тушуниши кераклигини таъкидлаган эди.

Россия президенти матбуот котибининг айтишича, етакчилар Россиянинг хавфсизлик кафолатлари бўйича талаблари, Украина инқирози ва “Шимолий оқим-2” газ қувурини муҳокама қилади. Ўтган ҳафта АҚШ президенти Байден “Россия босқинчиси бўлса”, “Шимолий оқим-2” тўхташини очиқчасига айтди. Аммо шунда Байденнинг ёнида турган Олаф Шольц қувур масаласига тўхталмоқчи бўлмагани кўриниб турарди.

Хуллас баъзилар Шольцнинг бугунги ташрифини "энг ёмон cценарийнинг олдини олишга қаратилган сўнгги уриниш" деб баҳолашса, бошқалар унинг миссиясини кам амбицияли ва саъй-ҳаракат асосан мулоқот каналларини очишдан иборат деб билишади.