"Сўнгги қўнғироқ"да айтилган энг муҳим гап
Ҳар қандай тадбирда нимадир арзирли гап бўлиши лозим. Шундагина йиғинлардан бир наф бор.
Кеча барча мактабларда сўнгги қўнғироқ тадбирлари ўтказилди. Жумладан, Жомбой туманидаги 22-умумтаълим мактабида ҳам. Ушбу маросимда мен ҳам қатнашиб, ноодатий ҳолатга гувоҳ бўлдим.
Маълум бўлишича, мактаб битирувчиларининг аксарияти, йигирмадан ортиқ эди адашмасам, турли хил сертификатларга эга бўлишибди. Ўша ўқувчиларнинг ота-оналари ҳам тадбирга таклиф қилиниб, уларга ҳам ташаккурнома берилди. Энг қизиқ ҳолат айнан ўша ёрлиқлар топширилаётган вақтда содир бўлди.
Мактаб директори Бозоргул Қурбонова ўқимишли қизлари бор ота-оналарга ташаккурномани шунчаки бермади, қизиқ “шарт” қўйди:
- Қизингизни шошиб турмушга бериб юборманг, ўқитинг, у қаттиқ менат қилди! Мен кейинги ҳаётини ҳам кузатиб бораман, - деди директор.
Бу яхши нарса. Эртага ота-она бу гапга қулоқ соладими-йўқми, ўзининг иши, бироқ шундай гаплар айтилиши керак. Раҳбарлар қолиплардан чиқа олишни, ноодатий, аммо фойдали қарашларини жамиятга, одамларга сингдириши лозим. Бозоргул муаллимнинг “қизингизни шошиб эрга берманг, ўқитинг”, деган гапи ўша йиғиндаги биргина ота-онага юққан бўлса ҳам бу аслида мана шундай тадбирларнинг бесамар ўтмаганини билдиради.
Исомиддин Пўлатов.