Сўзига садоқатли устоз

Самарқандда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошевнинг 70 ёши муносабати билан тантанали анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқди.

- Вилоятнинг энг олис, Пахтачи туманидан келиб, нафақат Самарқанд, балки республикамизда ўз сўзи ва нуфузига эга бўлиш учун қанчалик машаққатли йўлни босиб ўтиш лозимлигини яхши англаймиз, - деди ҳоким ўз сўзида. - Самарқанд маънавий муҳитини Фармон Исҳоқовичсиз тасаввур қилиш қийин. Бугун у кишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фахрий ёрлиғини Президент маслаҳатчиси Ғафуржон Мирзаев катта ҳурмат билан топширди. Фармон ака мамлакатимизнинг юксак мукофотлари - "Меҳнат шуҳрати", "Эл-юрт ҳурмати" орденлари, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган. Бундай эътирофлар у кишининг ўз сўзига содиқлиги, халқ хизматида фидойилиги ортидан келган, албатта.

Анжуманда, шунингдек, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги директори Абдусаид Кўчимов, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов ва бошқалар ижодкор ҳақида илиқ фикрларни билдиришди.

Бир пайтнинг ўзида аҳолининг турли қатламлари қалбидан жой олиш учун бағрикенгликнинг ўзи камлик қилади. Анжуманда сўзга чиққанлар Фармон Тошевнинг давлат ва жамоат ишларидан ортиб, самарали ижод қилаётганига ҳам тўхталиб ўтдилар.

Пойтахт ва бошқа вилоятлардан ташриф буюрган ҳамкасб ва шогирдларнинг илиқ фикрлари устоз сиймосини, унинг серқирра ижодини намоён этди.

***

ФАРМОН ТОШЕВ

Зарафшондек тўлиб-тошиб,

Олтмиш тўққиз қирдан ошиб,

Етмиш деган манзилга ҳам

Етиб келди Фармон Тошев.

Етмиш манзил - етмиш китоб,

Етмиш китоб - етмиш боғдир,

Етмиш боғда - етмиш хитоб -

Етмиш хитоб - етмиш тоғдир.

Етмиш бобо, сизни ҳар из,

Самарқанднинг шараф-шони,

Янги замон жадиди - Сиз,

Янги замон қаҳрамони,

Музаффару муносибсиз,

Ватан, миллат унвонига.

Юртбошимиз меҳри чексиз,

Сиздек танти ўғлонига.

Тилагимиз ўша-ўша:

- Юз ёшда ҳам шошиб юринг.

Қўлда қалам, элга - пеша,

Зарафшондек тошиб юринг.

Абдусаид Кўчимов,

2024 йил 6 апрель.