Уч ой ичида 832 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинган

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туман судлари томонидан 1818 нафар шахсга нисбатан 1420 та жиноят иши кўриб, тамомланди. Шундан 1066 та иш бўйича 1398 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилиб, 400 нафар шахсга нисбатан 341 та иш тугатилди.

Айтиш керакки, тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 15,2 фоизга кўпайган. Жумладан, судланганларнинг 356 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 429 нафарига озодликни чеклаш, 411 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 155 нафар шахсга жарима, 1 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда 22 нафар шахс шартли ҳукм олган.

Бу даврда вилоят судининг апелляция инстанциясида жами 132 нафар шахсга нисбатан 112 та иш кўриб, тамомланган. Шундан 98 нафар шахсга нисбатан 88 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган, 27 нафар шахсга нисбатан 21 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган, 7 нафар шахсга нисбатан 3 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилинган. Кассация инстанциясида эса 140 нафар шахсга нисбатан 128 та иш кўрилиб, 35 нафар шахсга нисбатан 30 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган, 3 нафар шахсга нисбатан 1 та иш бўйича чиқарилган суд қарори бекор қилинган. Шунингдек, тафтиш инстанциясида жами 106 нафар шахсга нисбатан 99 та иш кўриб, тамомланган ҳолда 10 нафар шахсга нисбатан 9 та иш бўйича чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган, 1 нафар шахсга нисбатан 1 та иш бўйича чиқарилган суд қарори бекор қилинган.

Ички ишлар идоралари пробация хизмати тақдимномалари асосида намунали хулқли 832 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 259 нафарининг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган. Жазони ижро этиш манзил колонияларидан 268 нафар шахслар тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ёки жазони енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинган. Шу билан бирга, давлат томонидан кўрсатилган инсонпарварликни тўғри тушунмай, белгиланган тартибларни бузганлиги учун 157 нафар шахсга нисбатан тайинланган жазолар оғирроғига алмаштирилган.

Ҳисобот даврида вилоят судларига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида 604 нафар шахсга нисбатан илтимосномалар келиб тушган бўлиб, 591 таси қаноатлантирилган, 11 таси рад қилинган. Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги 23 нафар шахсга нисбатан илтимосноманинг 22 таси қаноатлантирилган.

Вилоят судлари томонидан ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан 891 та хусусий ажримлар чиқарилган ҳамда муҳокама қилиш учун тегишли корхона, муассаса ва ташкилотга юборилган.

Толиб Бойзоқов,

вилоят суди раиси ўринбосари.