Судларда даъво аризалар ва бошқа маълумотларни электрон тизим орқали юбориш, кўриб чиқиш жараёнларини онлайн тарзда кузатиб бориш мумкин

Бугунги кунда фуқаролар, адвокатлар ва бошқа ташкилотлар судга даъво ариза киритиш учун судга бориб ариза киритишлари шарт эмас, тизим орқали онлайн тарзда даъво ариза киритиш, давлат божларини тўлаш, мурожаатлар йўллаш, суд қарорларидан нусха олиш ва бошқа қулайликлардан фойдаланишлари мумкин.

Самарқанд вилоят суди ташаббуси билан суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш ва “Адолат” ахборот тизимлари имкониятлари кенгроқ таништириш мақсадида ташкил этилган семинарда шу ҳақда кенг маълумот берилди.

Семинарда вилоят суди судьялари, суд ходимлари, адвокатлар, фаол ҳуқуқшунослар, юридик техникум педагоглари ва талабалар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Вилоят суди раисининг ўринбосари З.Аллабаев аввало давра суҳбатининг мазмун-моҳияти, мавзунинг долзарблиги ва аҳамияти ҳақида тушунча берди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5-бандида, судлар фаолиятига «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этиш орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш мумкин. Шунингдек, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш ва суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш белгилаб қўйилган.

 Семинарда вилоят судининг судьяси Т.Қурбанов сўзга чиқиб даъво аризалар ва унга илова қилинган ҳужжатларни судга сифатли тақдим қилиш, даъвогар ва жавобгарларнинг барча маълумотларини тўлиқ киритиш шартлигини тушунтирди. Маълумотларнинг тўлиқ киритилмаслиги суд қарори ижросини қийинлаштиришини мисоллар билан изоҳлади.

Капиталбанк АТБ ҳуқуқшуноси Б.Бойзоқовга судлардаги ахборот электрон тизимлари уларга анча қулай эканлиги, улар ҳозирда барча даъво аризаларни электрон тизим орқали юбораётганлигини, бу анча оворагарчилик, ортиқча ташвишларни бартараф қилганлигини билдирди, дея хабар бермоқда вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.