Супер-контракт арзонлашгани ростми?

Ҳар йили олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари тугаб, жавоблар эълон қилингач, ўқишга кира олмаганларга табақалаштирилган (супер) тўлов-контракт асосида ўқиш таклиф қилинади.
Бунда белгиланган супер-контракт суммаси фақат биринчи йил тўланади. Қолган йилларда талаба оддий контракт пулини тўлайди.
Шу пайтгача абитуриентлар қанча балл тўплаганидан қатъий назар супер-контракт асосида ўқишга қабул қилинарди. Аммо, кейинги йилларда тартиб ўзгарди, яъни белгиланган энг паст балл ва ундан юқори балл тўплаганларга имконият бериладиган бўлди. Шунингдек, бу йилги супер-контракт миқдори ҳар йилгидек бир хил эмас. Сабаби, Давлат комиссияси баёнида 2025-2026 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари натижаларига кўра 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган, лекин талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларни бакалавриат таълим йўналишларига қўшимча қабул қилишда “супер контракт” миқдори ректор (директор) томонидан мустақил белгиланадиган бўлди.
Бунда қабул чегараларига 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Низом талаблари (1-илова 73-банд)га асосан белгиланади.
Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган ва асосий қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар қуйидаги тартибда тўловни амалга оширади:
1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;
1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,0 баробари;
2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,5 баробари;
3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 3,0 баробари.
Шунингдек, ректорларга қабул чегараларига 4,05 баллдан ортиқ балл етмаган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари базавий тўлов-контрактнинг 3,0 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш топширилди.
Дарҳақиқат, бу йилги табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори аввалги йиллардан анча арзон тарзда олий таълим муассасалари веб-сайтларида эълон қилинди. Буни Самарқанд вилояти мисолида айтадиган бўлсак, Каттақўрғон давлат педагогика институти базавий тўлов-контрактнинг 4 бараваридан 6 бараваригача, Самарқанд давлат педагогика институти 5 бараваридан 6 бараваргача, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети 4 баравар, Самарқанд давлат университети Ургут филиали 4 баравардан 6 бараваргача, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти 5 баравардан 7 бараваргача этиб белгилади. Вилоятимиз олий таълим муассасалари ичида энг юқори тўлов ставкаси Самарқанд давлат университетининг юриспруденция йўналиши бўлиб, унга базавий тўлов-контрактнинг 19 баравари (бир йиллик контракт миқдори 14 389 000 сўм), яъни 273 391 000 сўм этиб белгиланди.
Иккинчи ўринда Самарқанд давлат тиббиёт университети бўлиб, унда даволаш иши, педиатрия иши, стомотология йўналишларига базавий тўлов-контрактнинг 15 баравари миқдорида тасдиқланди. Бу дегани, жорий йил соғлиқни сақлаш соҳасига 12 млн 75 минг сўм тўлов-контракт (стипендиясиз) белгиланган бўлса, унинг 15 баравари 181 млн 125 минг сўм бўлади. Қолган олий таълим муассасалари ҳам йўналишлар кесимида талаб юқори бўлганларига кўпроқ, талаб камроғига пастроқ нарх белгилади.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керак, бу йил молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари тўлов-контракт миқдорини ошириш ёки оширмаслик масаласини ўзлари ҳал қилди. Шунга кўра, айрим олийгоҳлар контракт суммасини 10-15 баравар оширди.
2025-2026 ўқув йили қабулида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таҳсил олиш истагини билдирган абитуриентларга бир йиллик ўқитиш қийматининг 50 фоизини 2025 йилнинг 31 октябрга қадар (шу куни ҳам) тўлашга рухсат берилди.
Шунингдек, бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари натижаси бўйича танловда иштирок этиб, иккинчи-бешинчи бакалавриат таълим йўналишларидан бири бўйича давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентларга ўз хоҳишларига кўра устуворлиги бўйича танлаган биринчи бакалавриат таълим йўналишида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга рухсат берилди (мақсадли қабул асосида талабаликка тавсия қилинганлар бундан мустасно).
Давлат қабул комиссиясининг тегишли баёнига асосан, 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб республика давлат олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича битта талабани базавий тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қийматининг миқдорлари тасдиқланди.
Бу йил энг арзон контракт миқдори 7,4 млн сўмни ташкил этмоқда, энг қиммати эса 14 млн 627 минг сўм.
Ҳар ҳолда баъзи йўналишларда бу йилги супер-контракт суммаси олдинги йиллардагидан анча камайди. Масалан, ўтган йили табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорининг энг ками базавий тўлов-контракт миқдорининг 6 бараварини ташкил этганди. Бу йил табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари базавий тўлов-контрактнинг 3,0 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгиланишга рухсат берилди. Аммо ҳамон ҳуқуқ, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш соҳаларида нархлар жуда баландлигича қолмоқда. Аслида ушбу соҳаларга супер-контрактда ўқишга рухсат берилмаса мақсадга мувофиқ бўларди.
Хуршида Эрназарова.