«Супер контракт» - таълим сифати ошишига кафолат берадими?
ЮНЕСКО ва Жаҳон банки экспертларининг маълумотларига қараганда, ўтган минг йилликда ҳар бир фуқаро бошига тўғри келган энг юқори ялпи ижтимоий маҳсулот, аҳолисининг 40-60 фоизи олий маълумотли бўлган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келган.
«Тараққиётга эришишимиз учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт», дейилди Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида.
Шу мақсад йўлида давлатимиз олий таълимни ривожлантириш ҳамда кенгайтиришга катта аҳамият бериб, янги олий ўқув юртлари, янги ихтисосликларни очиш, уларда таълим оладиган талабалар сонини, давлат грантларини кўпайтириш, қабул тизимини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар таркибининг маҳорати, малакасини ошириш йўлидан бормоқда. Бу вазифаларни бажаришда ОТМларида минглаб, ўз умрини таълим беришдек шарафли ишга бағишлаган, ўқитувчилик обрўсига доғ туширмасдан, тўғрисўзлик, ҳалоллик, бурчга садоқат билан фаолият олиб бораётган ходимлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
Шу билан бирга, ҳали бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳам анчагина. Фикримизча, шулардан бири «орттирилган тўлов – «супер контракт» институтидир (лот. Institutum- ўрнатиш, таъсис этиш, алоҳида соҳа) ҳамда бу борадаги қоидаларнинг тез-тез ўзгариб туриши, деб ҳисоблаймиз.
Шу ўринда бир савол туғилади, юқорида келтирилган даражага эришимиз учун «орттирилган тўлов», махсус сиртқи таълим, иккинчи мутахассисликларга қабулни кенгайтираверишимиз лозимми? Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар йўналишларидан бири шулардан иборатми?
Шу соҳа тизимида деярли ярим аср ишлаган бир оддий ўқитувчи сифатида буларни «босиб ўтилган йўл» деб баҳолаб, фикримиз исботи учун «орттирилган тўлов» борасидаги мулоҳазаларимизни келтирамиз:
Биринчидан, ОТМлардаги «Супер контракт» нима? У қачон ва нимага пайдо бўлган, аслида, бир тугатилиб нега яна қайтадан тикланди? Тўғрисини айтганда, бу бундан 5-6 йиллар илгари киритилган (молиявий томонини айтмасак), ўзини оқламаган ташаббус. У ўқишга кираётганларнинг тест баллари, ўтиш балига етмай қолганда, «орттирилган тўлов» эвазига ўқишга қабул қилинишини англатади. Соддароқ қилиб айтсак, етмаган билим пул билан қопланади. 2019/2020 ўқув йилида бу жуда ғовлаб кетган «институт», яъни маблағ бўлса, жуда паст, заиф кўрсаткич билан ҳам талаба бўлиш мумкин.
Аммо бу ҳолат манфаатдорликка йўл очиб берадиган давлат ўқув интизомини четлаб ўтиш сўқмоқларидан бири. Чунки ўқитувчиларнинг юкламалари тасдиқланиб, бир ўқув семестрининг баъзан ярми ёки кўп қисми ўтган бўлса-да, «орттирилган тўлов» ғилдираги айланаверади.
Иккинчидан, унинг молиявий томони ҳам бўлганлиги учун амалда ягона тартиб-қоида асосида ўтиш баллидан 4-5 баллгача паст балл тўплаганлар орасида ҳал этилиб, унинг ягона қоидаси четлаб ўтилмасдан, бу ҳақдаги буйруқлар ҳам ойлаб чўзилмасдан, 1 сентябрдан кеч бўлмаган муддатларда, ОТМнинг имконияти, режаси доирасида ҳал этилса, 56,7 фоиз ундан пасти, юқориси дейилганлардан воз кечилса, ўйлаймизки, бундан давлат ҳам, ўқишга кирувчилар ҳам фойда кўриши, ўқув жараёни анча тартибга тушиши мумкин. Ҳозирда бунга шароит бор, тест натижалари ўқиш бошланишидан анча олдин эълон қилинмоқда.
Учинчидан, «орттирилган тўлов» қонун, Президентимизнинг фармони ёки Вазирлар Маҳкамасининг Низоми билан бу борадаги ҳар бир ҳаракат қатъий, норматив тартибга солиниши ҳамда тез-тез ўзгармаслиги лозим.
Ҳозирда амалда бўлган ОТМларга қўшимча қабул ҳақидаги Низомнинг 4-иловасига кўра, бу борадаги ариза давлат комиссиясига 15 октябргача топширилиши, 20 октябргача қарор чиқарилиши лозим. Лекин бу жараён декабрь ойининг яримларигача ҳам давом этаверади. ОТМ тизимида идоравий қонуности ҳужжатларни қисқартириш, такомиллаштириш керак. Бу эса ўқув интизоми бузилиши ҳолатларининг камайишига олиб келади. Ўқишга ҳужжатларни қабул қилиш жараёнидаёқ «орттирилган контракт» тартиби, муддатлари, шартлари эълон қилиб қўйилса, шу йўлни танлашни хоҳлаганлар аввалдан тайёргарлик кўради.
Тўртинчидан, ушбу амалиётда ўқув-услубий ҳамда тарбиявий муамммолар ҳам бор. Ўқитувчи учун ноқулайроқ вазият, у ҳар сафар дарсга кирганда, янги талаба ўтирганини кўради. У машғулотлар мазмунини тушунмай, дарсга бефарқ ўтиради. Чунки бу вақтгача, баъзи дарсларнинг ярми ўтган, ҳатто тамом бўлган бўлади. Талаба 800-1000 соатга яқин дарс қолдирган бўлади. Агарда 70 соат дарс қолдирганлар, талабалар сафидан чиқарилса, курсда қолдирилса, қоидаги кўра, зиддиятли бу ҳолатни қандай тушуниш керак?
Бешинчидан, «орттирилган тўлов» асосида ўқишга кейин ўтказилганлар учун бошқа ОТМларда қандай билмадик? Уларга қолдирилган дарслар учун қўшимча дарс соатлари ҳам ажратилмайди, дарс ҳам ўтилмайди. Шунинг учун ҳам уларни қабул қилиш умумий асосларда ўқув йили бошланишидан олдин бўлиши керак, деб ҳсоблаймиз.
Олтинчидан, жуда паст натижаларни кўрсатиб, 2, 3 ойлардан кейин ўқишга қатнаша бошлаган талаба курсни ўзлаштира олмайди. Масалан, талаба Н. (2018 йил) декабрь ойининг 9 куни маъруза дарслари якунлангач, дарсга қўйилди.
Баъзан босимни сезган ўқитувчи жавобларни кўчиртириб қутулади ёки туҳматлар остида қолади. Ӯқитувчига «қора чапланиб», «менга қасд қилаяпти», «адовати бор», «ҳуқуқимни бузмоқда» деб, «ҳомий» раҳбарлигида турли даражадаги идораларга аризалар билан мурожаат қилади. Маъмуриятга эса худди ана шу керак. Дарҳол, мутахассис бўлмаганлардан комиссия тузилади, телефон ёки дасрликдан кўчиртирилади ёки вариант уйига бериб юборилади. Агар комиссия таркибидаги ўқитувчилар ҳам тўғри йўл тутсалар, ушбу ўқув курсини тугатиб юборишади ёки мансабдор ўзи ўқимаган курсдан ўша баҳони қўйиб ҳам юборади.
Қизиғи шундаки, бу ҳаракатлар ОТМдаги мавжуд қоидалар асосида эмас: «талаба шикоят қилди», «адолатни тиклаш» ниқоби остида боради ва уни ҳеч ким, ҳеч бир назорат идораси текшириб кўрмайди ҳам, очмайди ҳам.
Еттинчидан, бундай «меҳрибонликлар»дан баҳра олган «талаба» баъзан 3,5 йилда, баъзан 3 йилда, (А.Н.) баъзан 2 йилда ҳам (Ш. 2 йилда, 2020 йил) ҳомийлик остида диплом олиб, олий маълумотлилар сафига қўшилади.
Юқоридагилардан хулоса шундан иборатки, олий таълим олиш ҳамда олий маълумотлиларнинг сонини шу йўллар билан оширишда дипломлилар кўпайса-да, касб асосларини ўрганганлар асло кўпаймайди.
Фикримизча, улар худди «тўп қулфига тушмаган ўқ-снарядга» ўхшайдилар. Бу ЮНЕСКО башоратидаги йўл эмас, балки ҳозирги кўринишида коррупция эҳтимоли йўлларидан бири. Баъзи мансабдорлар учун эса «бизнес майдончаси» бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин.
Машҳур университетлардан бирининг пештоқига: «Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш учун атом бомбаси ёки узоқ радиусга таъсир қиладиган ракеталарга ҳожат йўқ. Фақат таълим сифатини пасайтирилса ва имтиҳонларда талабаларга алдаш учун имконият яратилса бас. Бундай врачлар қўлига тушган беморлар ўла бошлайди. Бундай қурувчилар қурган бинолар қулайди. Бундай иқтисодчилар ва ҳисобчилар қўлидаги пуллар изсиз йўқолади. Бундай уламолар туфайли инсонлар маънан ўла бошлайди. Бундай юристлар ва судьялар қўлида адолат йўқлик сари юз тутади. Қонун чиқарувчилар қўлида бошқарув йўқ булади».
Юқоридагилардан хулосамиз шуки, агар «орттирилган контракт» маъқул йўллардан бири деб ҳисобланса, уни ҳозирги кўринишда эмас, келтирилган ҳолатлар такомилаштирилган ҳолда мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Зиёдулла МУҚИМОВ,
СамДУ профессори.