Сув париси, монастрдан ўмарилган олтинлар, Бургомистрнинг очкўз қизи

Жаҳондаги жуда кўп халқлар афсона ва ривоятларида денгиз ва дарёларда, кўллар ва бошқа сув ҳавзаларида яшовчи қора кучларнинг сув париси қиёфасидаги вакиллари ҳақида ҳикоя қилинади. Улар билан учрашиш яхшиликка олиб келмаслиги маслаҳат берилади. Хўш, бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

...1648 йилда Богдан Хмельницкий казаклари Брестни ишғол қилади. Шаҳарда ваҳима, тўс-тўполон бошланади. Бундан доминикалик ёш монах фойдаланмоқчи бўлади. У маҳаллий бургомистрнинг қизини севар, қиз ҳам унга бефарқ эмас эди. Хуллас, талатўпдан фойдаланиб икки севишган шаҳардан ўрмонга қочади. Кечга яқин кўлга етиб келишади ва унинг овлоқ гўшасида уйқуга кетишади. Ярим кечада эркак уйғониб кетади ва ғаройиб мўъжизани кўриб, донг қотиб қолади. Кўл ёғду - шуълага чўлғанганди. Унинг тўлқинлари узра бошларига чиройли гулчамбарлар кийган, кийимларида қадалган ранг-баранг тошлар товланган “қиз”лар турарди. Кўл соҳибжамоллари эрка табассумлари билан гуноҳкор монахни имлаб ўзларига чорлайди.

Соҳибжамоллар сеҳр-жодусига алданиб эс-ҳушини йўқотган монах севгилиси билан шаҳардан қочаётганида қора кунимга яраб қолар, деб монастрдан ўмарган олтинларини ҳам унутиб ўзини кўлга ташлайди. У ҳали қирғоқдан нари кетмай туриб, севгилиси уйғонади. Қараса, монах кўлда сузиб боряпти. Нима ҳодиса рўй бергани қизни заррача қизиқтирмайди. У олтин тўла халтага ташланади. Монах эса парво қилмай сузишда давом этади. Ахир уни ҳурлиқо сув парилари кутаётганди-да! Шу тариқа ўғри монах ва Бургомистрнинг очкўз қизи кўл қаърига мангу ғарқ бўлишади.

Яна бир бўлган воқеа. Ўтган асрнинг 60-йилларида кўл бўйига дам олиш учун хотини ва болалари билан келган ота сирли ҳодиса қурбони бўлади. Аввалига вақтни мароқли ўтказаётган оилага ҳеч нарса халақит бермаётган эди. Тўсатдан ота хавотирга тушади, кўл қирғоғига келиб диққат билан сув тубига тикилади. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, бечора эркак жон талвасасида ўзини машинага уради. Уни ушлаб қолмоқчи бўлган хотинини силтаб ташлайди ва катта тезликда машинани кўлга ҳайдади. Сув уни ўз қаърига тортиб кетади. Орадан анча вақт ўтиб, машинани қирғоққа чиқариб олишга муваффақ бўлишади, аммо унда эркак йўқ эди...

Ваҳоланки, машина эшиклари зич ёпилган, ойнаси кўтарилган эди. Эркак нега хавотирга тушди, сув тубида нимани кўрди, нега оиласини ташлаб машинада ўзини кўлга ташлади? Бу сирлигича қолди.

Т.Шомуродов тайёрлади.