Талабалар кўчада қолмайди: муаммони ечишнинг йўли бор
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни “Зарафшон” газетаси ва Zarnews.uz сайтида “Кўчада қолаётган талабалар” номли мақола чоп этилди. Унда Самарқанд шаҳридаги талабаларнинг турар жой муаммоси, шунингдек, Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ётоқхонаси ҳанузгача тайёр эмаслиги тилга олинган.
Шуни маълум қиламизки, Самарқанд ветеринария медицинаси институтида иккита талабалар турар жойи мавжуд. 1-талабалар турар жойи ўғил болалар учун, 2-талабалар турар жойи эса қиз болаларга мослаштирилган (ўғил болалар ётоқхонаси 375 ўринли, қизлар ётоқхонаси 400 ўринли).
Иккала ётоқхона ҳам 2004 йил жорий таъмирдан чиқарилган, шундан бери таъмирланмаган. Қизлар ётоқхонаси айни кунда 2021 йил Давлат дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилмоқда.
Бош вазирнинг 903-сонли топшириқ хатига кўра, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг ошиши ва талабалар турар жойига эҳтиёжнинг ортиши муносабати билан институтнинг 1-ётоқхонаси айни кунда қайтадан жиҳозланмоқда. Яъни, имкониятдан келиб чиқиб, турар жойдаги мавжуд хоналарга икки қаватли замонавий дизайндаги ётоқ ўринлари қўйилиши назарда тутилган. Бунинг натижасида қамров 1,4 фоизга ортади ва ҳозир бу жараён давом этмоқда.
Бунда албатта, пандемия шароитидан келиб чиқиб, санитария-гигиена қоидалари бузилишига йўл қўйилмайди. Шунга мос равишда, қизлар ва ўғил болалар учун алоҳида ювиниш хоналари, ошхона ва ҳожатхона шароитлари яратилади. Мисол учун, битта хонага 4 нафар талаба жойлашади, шкаф, стол-стул, ювиниш хонаси ёки ошхона – булар барчаси тасдиқланган режага мувофиқ ажратилади.
Ётоқхонамиз октябрь ойида талабаларни қабул қилишга тайёр бўлади. Шу боис, арзон турар жойга муҳтож талабалар факультетлар масъуллари томонидан аниқланиб, уларни вақтинчалик турар жой билан таъминлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этганмиз. Ҳар бир факультет декани ва декан ўринбосарлари маҳаллаларга расман бириктирилган.
Ўқув йили бошланганига бир ҳафта муддат ўтган бўлса, шу вақт давомида 2500 нафардан ортиқ талаба институт атрофидаги маҳаллаларда ижарада туриб дарсга қатнамоқда.
Талабаларни ижарага жойлаштириш тадбирларини август ойидан бошлагандик. Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллалардаги хонадонлар ўрганилиб, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви билан таъминланиш ва хонадон эгаларининг руҳий ҳолати ва талабаларга муносабати таҳлил этилган. Муаммони шу йўсинда ечиб, ётоқхона ишга тушгунча, уларга кўмак берилмоқда.
Ётоқхона ишга тушган тақдирда ҳам ҳаммани қабул қилишнинг иложи бўлмайди. 1-турар жойимиз юқорида айтилган чора-тадбирлардан сўнг 500 нафардан зиёдроқ талабани қабул қилади. Биринчи навбатда ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва узоқ вилоятлардан келганлар жойлаштирилади.
Айниқса, биринчи босқич талабалари билан алоҳида шуғулланилмоқда. Ишчи гуруҳ масъуллари, факультет деканлари, проректорлар ва институт ректорига ҳам ушбу масала бўйича талабалар мурожаат қилиш имкониятига эга.
СамВМИ ахборот хизмати.