Танбеҳида меҳр, маслаҳатида катта юрак эгасига хос ғамхўрлик бор эди
Инсон ҳаёти баъзан босиб ўтган йиллари билан эмас, балки одамлар қалбида қолдирган меҳр излари билан ўлчанади. Шундай инсонлар бўладики, улар бу дунёдан эрта кетса-да, эзгу номи, самимий сўзлари, бағрикенглиги ва одамларга қилган яхшиликлари йиллар ўтган сари янада қадр топаверади. Улар билан кечган бир лаҳза, бир суҳбат, юпанч бўлган бир оғиз сўз ҳам инсон қалбида умрбод сақланиб қолади.
Баъзан ёдга тушган ана шундай инсонлар ҳақида ўйлар экансан, қалбингни илиқ соғинч қамраб олади. Чунки улар тириклигида атрофига меҳр улашиб яшаган, одамлар дардини ўз дардидек ҳис қилган, қалби нур ва эзгуликка тўла инсонлар бўлган. Шунинг учун ҳам уларнинг хотираси вақт ўтгани сайин сўнмайди — аксинча, инсонлар юрагида янада қўр олади.

Самарқанднинг мустақилликдан олдинги ва кейинги ўн йилликларида фаолият юритган журналистлари ҳақида гап кетса, шубҳасиз, Азизи Йўлдошев номи биринчилар қаторида айтилади.
Бу бежиз эмас. 1978 йилда "Ленин йўли" (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси таҳририятига ишга келган Азиз Йўлдошев тез орада жамиятда учрайдиган муаммолар ҳақида танқидий ва таҳлилий мақолалар ёзиб, газетхонлар қалбидан жой олди. Таҳририятда махсус мухбир, хатлар бўлими мудири, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаб, мен каби ўнлаб ёшларга устозлик қилди.
Эсимда, 1993 йилда таҳририятга иш юритувчи-котиба сифатида ишга келганимда маълум вақт ўтиб, қалбимда ижодга, мақола ёзишга илк иштиёқ уйғонди. Ёзган машқларимни ўша пайтларда муҳаррир ўринбосари Азиз ака Йўлдошевга ийманибгина, ҳаяжон билан кўрсатар эдим.
Азиз ака ёзганимни сабр билан ўқиб чиқар, фикрларини аямас, камчиликларимни тушунтирарди. Мен эса бундан асло ранжимасдим. Чунки у кишининг танбеҳида меҳр, ҳар бир маслаҳатида эса катта юрак эгасига хос ғамхўрлик бор эди. Ёнимда мени қўллаб-қувватлайдиган, газетачиликнинг сир-асрорларини билдирадиган, жамоа ўзанига қўшилишда кўмакдош инсон борлигидан қалбим таскин топарди.

Газетада илк мақолам чоп этилган кунги қувончимни ҳеч унута олмайман. Азиз ака эса одатдагидек мийиғида кулиб қўйди. Ўша самимий, кулгичли табассумидан истарали чеҳраси янада ёришиб кетди.
Азиз аканинг яна ажойиб фазилатларидан бири — одамларни тинглай билиши эди. Кимнингдир дарди, муаммоси ёки оғир ташвиши бўлса, беихтиёр унинг хонасига кириб борарди. Азиз ака муаммосини айтган кишидан маслаҳатини аямас, қўлидан келганча ёрдам беришга, юпанч сўз айтишга ҳаракат қилар, ўзгалар дардини оғриқли юрагига жо этарди.
Афсуски, шундай беназир инсон юрак хасталиги туфайли ҳаётдан эрта (1997 йил, 45 ёшида) кетди. Аммо Азиз ака одамлар хотирасида нафақат яхши журналист, балки олийжаноб, бағрикенг ва меҳрибон, қалби ҳам, ўзи ҳам гўзал инсон бўлиб қолди.
Гулнора Холдорова.