Тақдир чархпалаги

Ҳаётда ақлбовар қилмайдиган ўхшашликлар учрайди. Мисол учун, гўдаклигида қандайдир сабабларга кўра, ажралиб кетган эгизаклар кейинчалик улғайгач, ўзларига бир хил исмли рафиқа танлаган, фарзандларига бир хил исм қўйган ҳоллар мавжуд. Аммо эгизаклар ўртасида қандай сирли алоқа борлигини фан тушунтириб беришга ожиз.

Коперник ва Галилей

Ҳозирги замон астрономияси тамал тошини қўйганлардан икки атоқли олим таржимаи ҳолларида ўхшашлик ўзига хос – 90 ва 99 йил вақт оралиғига тўғри келади.

Николай Коперник 1473 йил 19 февралда, Галилео Галилей эса 90 йил кейин - 1564 йил 15 февралда туғилган. Худди шундай 90 йил фарқ билан улар университетларга ўқишга киришади, уч йилдан ўқишади ва таҳсилини бошқа таълим даргоҳларида тугатишади. Коперник шу мақсадда анча кейинроқ Падуан университетига ўқишга киради, 90 йилдан кейин эса ўша даргоҳда Галилей ўз ўқитувчилик фаолиятини бошлайди. Бироқ, шу билан тақдиридаги ўхшашлик тугамайди.

1533 йилда Коперник оламни Қуёш атрофида қурилгани ғоясини эълон қилади, Рим папаси Климент VII ни бу ихтиро билан таништиради. Буни қарангки, 99 йилдан кейин Рим папаси Урбан VIII Галилейнинг Коперникнинг олам тузилишига бағишланган китобини ўқийди.

1543 йилда Коперник вафот этади, Галилей эса ундан 90 йил ўтиб оламдан ўтади. Яна бир ҳайротомуз ўхшашлик кишини ажаблантиради. Галилей ўлимидан илгарироқ, 1633 йил йилда судда ўзининг черковга зид “шаккоклик“ қарашларидан воз кечади. Коперник Галилейдан 90 йилдан олдин ўз ғояларидан воз кечади.

Яна бир тақдир ўхшашлигини қаранг, Коперник Италия бўйлаб дарбадарликлардан кейин 1511 йилда Польшанинг Фромборк шаҳарчасига доимий яшаш учун кўчиб келади, 99 йилдан кейин эса Галилей Флоренция яқинидаги Арчетри қўрғонига - ўзининг сўнгги манзилига кўчиб келади.

Ушбу ўхшашликлар билан танишар экансиз, одамлар тақдирида қандайдир илоҳийлик мавжудлигига ишонгингиз келади.

Наполеон ва Гитлер

Дарҳақиқат, аниқ шахслар таржимаи ҳолларида бундай ўхшашликлар бор. Жумладан, 129 йил оралиқдаги бир қатор ўхшашликлар кишини ўзига жалб этади. Гап Наполеон Бонапарт ва Адольф Гитлер ҳақида бормоқда.

1785 йилда Наполеон француз армиясида ўз ҳарбий фаолиятини бошлайди, 1914 йилда эса - орадан 129 йил ўтгач, Гитлер Бавария пиёдалар армиясига қабул қилинади.

Яна бир қизиқ далил. Наполеон 1804 йилда ўзини французлар императори деб эълон қилади. 129 йилдан кейин эса Гитлер Германия рейхсканцлери бўлади. Иккаласи ҳам худди шундай оралиқда - Наполеон 1809 йилда, Гитлер 1938 йилда Австрияни эгаллайди. Ҳайратли томони, Наполеон 1812 йилда, Гитлер 1941 йилда Россияга ҳужум қилади. Охир-оқибат 129 йил фарқ билан ҳар иккаласи қақшатқич зарбага учрайди ва қайта ўзларини ўнглаб олиша олмайди. Наполеон 1814 йилда, Гитлер 1943 йилда тор-мор этилади.

Бундай ўхшашликларни АҚШ президентлари Авраам Линкольн ва Жон Кеннеди тақдирларида ҳам кўриш мумкин. Шарқ тақвимига кўра, ҳар иккаласи ҳам Илон йилида дунёга келади: Линкольн - 1809 йилда, Кеннеди эса 1917 йилда. Булар таниқли кишилар тақдирларидаги ўхшашлик. Оддий одамлар орасида ўхшаш тақдирдошлар қанча экан? Ҳозирча бу жумбоққа на башоратчилар, на илм-фан томонидан жавоб топилгани йўқ.

Т.Шомуродов тайёрлади.