Тарихий бино бузилиши ортидаги машмашалар

Гап Самарқанд шаҳридаги Мироншоҳ кўчаси 6-умумий уй ҳақида бормоқда. ХХ аср бошларида Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида қурилган ушбу фуқаролик иншооти унинг атрофида кечган ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қилинган қурилиш туфайли авария ҳолатига келиб қолгани, муаммони ечадиган масъуллар масалага панжа орасидан қараётгани ҳақида газетамизнинг 2017 йил 4 ноябр 137-сонида «Бу муаммони ҳал этадиган идора борми?» сарлавҳали мақола чоп этгандик. Афсуски, шундан кейин 2,5 йил ўтибдики, ҳамон муаммони ҳал этадиган идора йўқ. Шундай бўлмаса, бу уйда яшайдиган Илҳом Ҳамдамов таҳририятга мурожаат қилмаган бўларди...

Калаванинг учи

И.Ҳамдамов яшаган ушбу уй ХХ аср бошларида қурилган фуқаролик иншооти сифатида вилоят тарих ва маданият ёдгорликлари давлат рўйхатига киритилган ва ЮНЕСКОнинг муҳофазасига олинган. Бу ҳақда вилоят ҳокимининг 2000 йил 14 мартдаги 83-Қ-сонли қарори бор. Аммо 2015 йилнинг декабрида қўшни ҳовли - Мироншоҳ кўчаси 4-уйда “Афросиёб Хосият бегим макони” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан ҳеч қандай ҳужжациз, шаҳар ҳокими қарорисиз кўп қаватли уй қуриш учун 8 метр чуқурлик -  котлован ковланиши оқибатида уйнинг пойдевори, девор ва том қисмларига қаттиқ шикаст етади.

- Бу ерда чуқурлик қазилгани, қудратли техникалардан устма-уст фойдаланилгани боис уйимнинг деворларида катта ёриқлар пайдо бўлди, оқибатда яшаш хавфли бўлиб қолди, - дейди таҳририятимизга шикоят хати билан келган И.Ҳамдамов. – Аммо қурувчи-ю корхона раҳбарларининг парвойи палак. «Бу уйни қайта таъмирлаб, яшаш учун зарур шароит ва замонавий кўринишга эга ҳолатга келтирмоқчидир», деб ўйлаб қурилишга доир ҳужжатлар билан қизиқиб кўрдим. Эътибор қилсам, “Афросиёб Хосият бегим макони” масъулияти чекланган жамияти 2015 йил 30 ноябрда умумий майдони 1476 квадрат/метр бўлган бузилган ҳолатдаги 4-уйни ауксион савдосида сотиб олган. Ушбу ҳужжат бу ер майдонида кўп қаватли уй барпо этиш учун ҳуқуқий ҳужжат бўлмаса-да, котлован қазиб, қурилиш ишларини бошлаб юборган. Бу қайси қонун-қоидага тўғри келади? Ахир, бу ер Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудуди, тағин ЮНЕСКО муҳофазасидаги жой бўлса?!… Наҳотки, буни назорат қиладиган, унга барҳам берадиган ташкилот бўлмаса?!

Ана шундан кейин адолат истаб у идорадан-бу идора эшигига қатнаш, қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириш бошланди.

Жавоб хатлари кўп, аммо масала ечимидан бедарак

И.Ҳамдамов муаммони ҳал қилиш, ноқонуний қурилишни тўхтатиш ва айбдорларга чора кўришлари учун тўрт йил давомида қанча идораларга хат билан чиқмаган, умид билан уларнинг эшигида сарсон бўлмаган, дейсиз?! Аммо ҳаммасида бир хил «қўшиқ» айтилган: “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ Мироншоҳ кўчаси 4-уйда ноқонуний равишда котлован қазиш ишларини олиб бориши оқибатида ушбу манзил ёнида жойлашган 6-умумий уйнинг ён деворларини авария ҳолатига олиб келгани, қурилиш ишларини олиб бориш учун ён-атрофда яшовчи қўшнилар розилиги олинмагани, шаҳарсозлик нормалари ва талабларига зид равишда иш юритгани, Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспексияси (ўша пайтдаги) билан келишмаганлиги боис қурилиш ишлари зудлик билан тўхтатилсин…

Шаҳар ҳокимлиги жамиятнинг 2015 йил 30 ноябрда 4-уйни сотиб олиб, қурилиш учун ҳеч қандай рухсат олмай иш бошлагани ҳақида огоҳлантириш хати ёзиб, буни дарҳол тўхтатишини талаб қилган. Шундан сўнг, қурилиш корхонаси бу ерда замонавий савдо биноси қуришини айтиб, бу борада ҳокимнинг қарори чиқариб берилишини сўраган.

- Орадан бир йил ўтиб, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспексиясининг бу ҳудудда қурилиш ишлари олиб борилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги хулосаларига қарамасдан ва мавжуд ҳолатни била туриб шаҳар ҳокимлиги “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖга иморат қуриш учун рухсат берди, - дейди И.Ҳамдамов. – Яъни, шаҳар ҳокими А.Шукуров 2016 йил 6 декабрда бузилган 4-уй ўрнида икки қаватли замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриш учун 1755-Қ-сонли қарорни қабул қилган...

Ушбу қарор асосида жамият икки қаватли савдо мажмуаси эмас, кўп қаватли, аниқроғи, тўққиз қаватли уй қуриб бошлаган. Ана энди ушбу ноқонуний қурилишни зудлик билан тўхтатиш ҳақида шаҳар ҳокимлиги огоҳлантириш хатлари жўнатган, ҳатто 2016 йил 3 майда вилоят хўжалик судига, 2016 йил 14 ноябрда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритган. Қанийди, бу огоҳлантириш хатлари, суднинг қурилишни тўхтатиш ҳақидаги қарорлари “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ раиси-ю қурувчиларига заррача таъсир қилса?! Огоҳлантириш хати жўнатган идоралар эса аниқ кўриниб турган ноқонуний қурилишни тўхтатиш бўйича қатъий чоралар кўрмади.

Оқибатда ўзбошимчалик билан қурилаётган иморат ой сайин кўкка бўй чўзаверди. И.Ҳамдамовнинг қўлида турли идораларнинг жавоб хатлари тахлам-тахлам бўлаверди, аммо масаланинг ечимидан дарак йўқ. Сарсонгарчиликлар оқибатида кўргани – уйининг ярми ўпирилиб тушгани, бу ерда яшашнинг умуман имконияти йўқлиги бўлди. Ноилож оиласи билан Масжиди Қўнғироқдор маҳалласида яшовчи укасининг ҳовлисига кўчиб ўтди.

Бош вазир бош қўшди, натижа эса йўқ

- Бошингга ташвиш тушса, бунинг ечими ҳуқуқий ҳужжатларга бориб тақалса, ўзинг ҳам ҳуқуқшунос бўлиб кетаркансан, - дейди Илҳом Ҳамдамов. – Қонунларни варақлаб, мен яшаб турган уй халқаро миқёсда қабул қилинган Конвенсия, Ўзбекистон Респуб­ликасининг қонунлари, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ҳуқуқий ҳимояда эканлигини билдим.

Масалан, 1995 йил 22 декабрда Ўзбекистон “Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Конвенсияни ратификация қилган. Мазкур Конвенсиянинг 4-моддасида “Ушбу Конвенсиянинг томони бўлмиш ҳар бир давлат 1 ва 2-моддаларида эслатилган, ўзининг ҳудудида жойлашган маданий ва табиий меросни аниқлаштириш, муҳофазалаш, сақлаш, оммалаштириш ва келажак авлодларга етказишни таъминлаш мажбурияти аввало унинг зиммасига юклатилишини тан олади” деб белгиланган. 6-модда 3-хатбошисида эса “Ушбу Конвенсиянинг томони бўлмиш – ҳар қандай давлат бошқа давлатларнинг ушбу Конвенсия томонлари ҳудудида жойлашган 1 ва 2-моддаларида келтирилган маданий ва моддий меросга тўғри ёки қисман зарар келтириши мумкин бўлган ҳар қандай олдиндан режалаштирилган ҳаракатларни қабул қилмаслик мажбуриятини олиши…” қайд қилинган. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 36-моддасида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар” деб белгиланган.

Хўш, Самарқандда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этган, бу “иш”га шароит яратиб берган масъул раҳбарлар жавобгарликка тортилдими? Ахир, Самарқанд шаҳрининг тарихий марказида жойлашган ҳудудларда ноқонуний иншоотлар қурилганлиги боис ЮНЕСКО масъуллари эътироз билдирганди-ку. Шу боис, 2018 йил июн ойида республика Бош вазири А.Арипов Самарқандга ташриф буюрган ва шаҳарнинг тарихий ҳудудида қурилган ноқонуний биноларни бузишга топшириқ берганди.

Тўғри, қайсидир маънода адолат қарор топди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 27 июндаги ажрими билан “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖнинг ноқонуний қурилиш билан боғлиқ ишлари батафсил кўриб чиқилди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2020 йил 13 январдаги ҳукми билан “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖ раиси О.Ражабов, Р.Ражабов ва бошқалар Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, суд менинг фойдамга уларнинг ҳисобидан солидар тартибда 1 миллиард 261 миллион 119,4 минг сўм моддий зарар ундирилиши бўйича қарор чиқарди.

Аммо шу билан ҳамма иш жойига тушди, масалалар тўлиқ ҳал бўлди, дейсизми? Асло, йўқ.

Аввало, айбдорлар озодликдан маҳрум қилинган бўлса-да бу ўзбошимчаликка йўл қўйган амалдорлар, “Афросиёб Хосият бегим макони” МЧЖни қўллаб турган айрим мутасаддилар сувдан қуруқ чиқишди. Уларнинг бу каби ҳаракатларига ҳанузгача ҳуқуқий баҳо берилмаяпти. Прокуратура идоралари ноқонуний қурилишлар билан боғлиқ жиноят ишларини ўз вақтида назоратга олмади? Унинг ечими ҳалигача узун ичакдек чўзилиб келяпти. Масалан, мана, 6 ойдирки тарихий иншоот саналган уй-жойимни тиклаш ҳеч кимнинг, ҳеч қайси раҳбар ёки мутасаддининг хаёлига келгани йўқ. Маънавий зарар у ёқда турсин юқорида айтилган суд қарори билан белгиланган моддий зарар ҳалигача ундириб берилмаяпти. Ижросини талаб қилсам, копток каби у идорадан бу идорага «улоқтиришади». Қолаверса, Самарқанднинг тарихий ҳудудида қурилгани боис бузилиши белгиланган 9 қаватли 4-уйнинг ҳамон қад ростлаб тургани нафақат менинг, балки ҳар қандай кишини «Ҳаммаси қоғозда экан-да бебош қурувчига ҳеч кимнинг кучи етмас экан…», деган хулосага келишига сабаб бўлмайдими?

Дарвоқе, 2019 йил 21 июн куни вилоят ҳокимлигида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ва суд раислари иштирокида ўтказилган йиғилишда Самарқанд шаҳрида ноқонуний қурилган бино ва иншоотларни бузиб, унинг тарихий ҳолатини қайтариш ҳақида гап борган эди. Унда Қурилиш вазирлиги ва бошқа тегишли орган ходимлари томонидан ўтказилган хатлов натижасига кўра, 17 та объект тўлиқ ёки қисман бузилиши лозим, дейилган, бундай объектлардан бири Мироншоҳ кўчасидаги 4-уй эди. Хатловга қадар Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг объектларни бузиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари мавжудлиги, 13 та объектни бузиш учун фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво аризаси киритилганлиги, Мажбурий ижро бюроси томонидан ушбу объект­ларни бузиш учун ижро ҳужжатлари расмийлаштирилгани айтилганди. Аммо ҳамон унинг ижроси таъминлангани йўқ.

Тарихий уйни тиклаб бўлмайди, аммо...

И.Ҳамдамов ҳамон шу каби муаммолар гирдобида. Лекин бу биргина у кишининг муаммоси эмас. Самарқанд – тарихий шаҳар. У шу жиҳати билан қадрли. Шаҳарнинг қадимийлигини асраш, асрлардан асрларга ўтиб келаётган тарихий биноларни сақлаш барчанинг инсоний иши. Шунинг учун мана бу саволларга кўпчилик жавоб излайди: Самарқанд шаҳрининг тарихий ҳудудида қурилган ноқонуний объектлар қачон бузилади? Бу ҳақда оммага ким маълумот беради? Маданий меросни қасддан нобуд қилган шахс­ларга қачон қонуний баҳо берилади? И.Ҳамдамовга етказилган моддий ва маънавий зарарни ким, қайси идора, қачон, қай тартибда ундиради ёки тўлайди?

- Бугунга келиб нафақат менинг, балки 6-умумий уй атрофидаги ­ЮНЕС­КО муҳофазасига киритилган тарихий масканларнинг 75-80 фоиз ҳолати ўз қимматини йўқотди, - дейди Илҳом Ҳамдамов. – Уни тиклашнинг, тарихий кўринишига келтиришнинг умуман имконияти йўқ. Шу боис, иккита мақсадим бор. Биринчидан, Самарқанд шаҳрининг бошқа тарихий ҳудудларида бундай ноқонуний қурилишлар бўлмаслигига эришиш. Шу боис Маданият вазирлиги, ЮНЕСКО, Ёдгорликлар ва тарихий жойларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгаш (ИSОМОС) экспертларининг ушбу ҳудудда экспертиза ўтказишларига эришиш. Бу келгусида Самарқанд шаҳрига сайёҳлар ва инвесторлар келишидаги муаммоларни ҳал этишга, юртимизда туризм равнақига хизмат қилади. Иккинчидан, шаҳарнинг тарихий ҳудудларида бу каби қонунбузилиш­ларга йўл қўяётган “тадбиркор”у амалдорларнинг хуфиёна ишларига барҳам бериш, адолатни тиклаш. Зеро, Президентимиз 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ишончли ҳимоя қилишни бош вазифа этиб белгилаган. Буни бажармасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Акрам ҲАЙДАРОВ,

«Зарафшон»нинг махсус мухбири.

ТАҲРИРИЯТДАН: Кўтарилган мавзу ўта долзарб. Ҳатто бугунги кунда ҳам Самарқанднинг гоҳ у, гоҳ бу тарихий ҳудудида бино қурилаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Ўрганиб кўрсак, ноқонуний экани ёки шаҳарсозлик кодекси талаб­ларига зид равишда қурилгани исботланади. Хўш, бу “иш” Самарқандга ярашадими? Нега бундай бўлаётгани, бунинг сабаби нима эканини ким одамларга тушунтиради? Нега ҳеч ким ўзбошимча қурувчиларга чора кўра олмайди?