Таржима маҳорати

“Шоҳона боғ” деб номланган салмоқли, бежирим тарзда “Европа насрий адабиёти антологияси” рукни остида “Турон-Иқбол” нашриётида чоп этилган таржима асарлар тўплами нафақат нашр сифати, балки мазмуни билан ҳам киши эътиборини тортади. Ушбу китобга жамланган асарлар таржимони Эшқобил Вали ёзувчи, шоир, таржимон, адабиётшунос ва ношир, Самарқанд адабий муҳитининг таниқли вакили.

Эшқобил Вали А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, А.Блок, С.Есенин, М.Цветаева, А.Ахматова, И.Мандельштам, Б.Пастернак, К.Бальмонт, С.Кедрин ва бошқаларнинг қатор шеърларини, итальян ёзувчиси А.Барикконинг «1900» номли қиссасини, шу асар асосидаги бадиий фильмни, Ги де Мопассан, Р.Киплинг, В.Вульф, Ж.Селенжер, С.Моэм, Ф.Саган, Иво Андрич, К.Чапек, А.П.Чехов, М.Зошченко ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ижодкорнинг янги таржима асарлари тўпламига айнан Ғарбий Европа адиблари ижодидан ўгирилган ҳикоялар жамланганлиги замирида муҳим ва жиддий бадиий мантиқ бор. Уларнинг аксарияти рус тилидан, бошқалари таглама матн орқали ўгирилган. Бу муҳим ва аҳамиятли жиҳат шундаки, ундан ўрин олган таржималарнинг аксарияти, дастлаб Самарқанд давлат университети, сўнгра Самарқанд давлат чет тиллар институти филология факультетларининг турли таълим йўналишларидаги махсус курсларда, амалий машғулотларда муҳокамалардан ўтказилиб, нашрга тайёрланган.

Бу таржима асарлар яратилиш ўрнига кўра Европа маданий-адабий харитасининг турли меридианларига сочилиб кетган маълум ва машҳур асарлар ҳисобланади. Уларни муайян мавзу ва ғоядан ташқари, таржимон шахси ва маҳорати ҳам бирлаштиради.

“Шоҳона боғ” китобидаги асарлар олий таълим тизимидаги муайян ўқув дастурларига мос келади, қолаверса, уни кенг китобхонлар оммаси ҳам мириқиб ўқийди. Зеро, асар нафақат ҳикоя ёки қисса матнидан, балки унинг муаллифи тўғрисидаги икки-уч саҳифали бой ва янгича био-библиографик илмий-оммавий маълумот-мақолалардан ҳам иборат.

Муҳаммаджон ХОЛБЕКОВ,

филология фанлари доктори, профессор.