"Терак"да қотиллик: жанжал сабаб бир инсон умри хазон бўлди
30 апрель куни Ургут туманининг “Терак” маҳалласида содир бўлган мудҳиш ҳодиса бутун туман аҳлини сескантириб юборди.
Воқеа бундай бўлган эди: шу маҳаллада яшовчи фуқаро С.П., О.К. раҳбарлигидаги деҳқон хўжалигига тегишли бўлган 0,50 гектар ер майдонининг 0,20 гектарига ток кўчатлари экади. Аммо хўжалик раҳбари бу иш ўзбошимчалик билан қилинган, деб ҳисоблаб токни бузиб ташлайди.
Оқибатда ўзаро жанжал келиб чиқади. Жанжал давомида ғазабланган С.П. ёнида бўлган ошхона пичоғи билан О.К.нинг бўйин соҳасига бир маротаба уриб, қасддан ўлдиради.
Мазкур қотиллик юзасидан туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилди. Ушбу жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.
3 май куни ушбу жиноят ҳолати "Терак" маҳалласида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди. Унда вилоят ва туман сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар, маҳаллий оммавий ахборот воситалари, марҳум ва айбланувчининг яқин қариндошлари иштирок этди.
Муҳокама давомида бу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди, ҳолат ҳар томонлама таҳлил қилинди. Келгусида бу каби бошқа жиноятларнинг олдини олиш мақсадида тегишли кўрсатмалар берилди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.