Тиббий суғурта имкониятлари ёхуд оддий оила бекаси жигар кўчириш амалиётидан кейин оёққа турди
Бугун аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, ҳар бир фуқаронинг саломатлигига масъулият билан ёндашишини таъминлаш - соғлом авлодни вояга етказишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шундай муҳим йўналишлардан бири тиббий суғурта тизимидир. Аммо кўплаб фуқароларимиз бу тизимнинг мазмун-моҳиятидан етарлича хабардор эмас.
Ижодий жамоамиз томонидан аҳоли орасида ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, айримлар тиббий суғурта ҳақида умуман маълумотга эга эмас, баъзилар ундан фойдаланиб келаётган бўлса-да, бу тизимни айнан тиббий суғурта деб билмайди. Яна бошқалар эса суғурта деганда фақат пуллик, мажбурий тўловни кўз олдига келтиради.
- Аёлимга жигар кўчириш масаласи бизни анча вақтдан бери қийнаб келарди, - дейди сўров иштирокчиларидан бири. - Уни Ҳиндистонга ҳам обориб келганман. У ерда 30 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ кетишини айтганди. Бу пулни топиш эса амримаҳол эди. Масаланинг ечими қишлоғимиздан бошланишини билмаган эканмиз. Маҳалламиздаги оилавий шифокорга учрашдик, у туман марказига йўлланма берди. Мурожаатимиз туман, вилоят ҳамда республика даражасида ўрганилди ва давлат тиббий суғуртаси муаммога ечим бўлди. Жигар кўчириш амалиёти Самарқанд шаҳрида мамлакатимиздаги тажрибали шифокорлар томонидан муваффақиятли ўтказилди. 300 миллион сўм атрофидаги маблағ давлат томонидан қоплаб берилди. Аёлим оёққа турди. Бунинг учун жуда миннатдорман.
Суғурта деганда кўпчилик тўловни тушунади, аммо давлат тиббий суғуртаси фуқаролар учун қўшимча тўлов талаб қилмайди. Бу - давлат томонидан молиялаштириладиган, жамият соғломлиги йўлида хизмат қилувчи тизим.
- Ҳозирги кунда жаҳон амалиётида тиббий суғуртанинг уч асосий тури мавжуд: мажбурий тиббий суғурта, ихтиёрий тиббий суғурта ва давлат тиббий суғуртаси, - дейди Каттақўрғон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Убайдулла Ҳусанов. - Ўзбекистонда ҳозирги кунда давлат тиббий суғурта тизими ишлаб турибди. Бу дегани, фуқаролар давлат кафолати остида, белгиланган тартибда бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Туманимизнинг ҳар бир ҳудудида, ҳатто олис Жизмонсой, Андоқ ва бошқа қишлоқларда ҳам тиббиёт пунктлари мавжуд. Дастлаб, фуқаро шу тиббиёт пунктида фаолият олиб борадиган оилавий шифокорга учрашиши керак бўлади. Агар унда касаллик аниқланадиган бўлса, шу хасталик даражасига қараб даволанади. Оғирроқ даражада бўлса, туман, вилоят ва республика марказларига D-MED дастури орқали, яъни электрон шаклда йўналтирилади. Агар бемор оилавий шифокорга учрашмасдан, ўз хоҳиши билан туман ёки вилоят марказларидаги тиббий муассасаларга мурожаат қиладиган бўлса, унга пуллик хизмат кўрсатилади. Беморларда мураккаб жарроҳлик амалитиётлари ўтказилиши керак бўлса, ногиронлиги, камбағал оилалар рўйхатида туриши ва бошқа шу каби ижтимоий аҳволига қараб уларга кўрсатиладиган хизматлар учун сарфланадиган маблағ ҳам давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Давлат тиббий суғуртаси - бу фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда давлат кафолатини таъминлайдиган тизим. У орқали аҳоли бепул тиббий ёрдам, дори-дармон билан таъминлаш, диагностика ва шошилинч хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади.
Ҳозирги кундаги асосий вазифа - аҳолини тиббий суғурта мазмуни билан таништириш, уларда тўғри тушунча ва ишончни шакллантиришдир. Чунки ҳар бир инсон ўз соғлиғини муҳофаза қилишга масъул ва давлат яратаётган имкониятлардан тўла фойдаланишга ҳақли.
Шундай экан, тиббий суғурта - бу мажбурият эмас, балки соғлом ҳаёт кафолати. Унинг моҳиятини англаб етиш, фуқароларнинг соғлиғига, демак, мамлакат келажагига бўлган эътиборидир.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.