Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси бўлимларининг иситиш қозонларини замонавий тежамкор қозонларга алмаштириш ишлари бошланди

Кеча, 25 ноябрь куни Zarnews.uz сайти ва телеграм каналида “Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлими куз-қиш мавсумига тайёрланмаган” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди.

Унда вилоят ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар вақтида муассасанинг иссиқлик тизими таъмирланмагани, беморлар томонидан электр иситкичлардан фойдаланаётгани, хоналарда ёритиш тизими созланмагани, том қисми таъмирланмаганлиги боис ташқи деворларда намланиш юзага келганлиги айтилган.

Мазкур мақола юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.

Жумладан, Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли терапия бўлими учун 2015 йилда Инвестиция дастури доирасида, замонавий лойиҳа асосида 3 қаватли бино қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бўлимнинг барча хоналарига алюмин батариялар ўрнатилган бўлиб, бино замонавий иситиш қозонлари билан иситилади. Бундан ташқари, бинонинг 3-қавати учун алоҳида тежамкор иситиш қозони ўрнатилган бўлиб, барчаси иш ҳолатида. Ҳатто, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида мазкур иситиш тизимлари тўлиқ назоратдан ўтказилган. Бироқ бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам ички ҳарорат 18-20 градусни ташкил қилиб, талаб даражасидан паст. Бу эса совуқ тушиши билан табиий газга бўлган эҳтиёж ошганлиги ва шу сабаб газ босими сезиларли даражада пасайиб кеганлиги билан боғлиқ. Шу боис муассасада беморлар учун керакли ҳароратни таъминлаш мақсадида вақтинчалик электр иситкичлардан фойдаланилган.

Ҳозирда муассаса масъуллари томонидан ички имкониятлардан келиб чиқиб, газ босимини кўтариш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, бўлимларда иссиқликни таъминлаш мақсадида мавжуд иситиш қозонларини замонавий тежамкор, икки контурли “Весманн” қозонларига алмаштириш ишлари бошланди.

Ўрганиш вақтида бўлимнинг 1 қаватидаги ички хожатхона таъмирталаб бўлиб қолганлиги боис бино деворларида намланиш ҳолатлари келиб чиққанлиги аниқланди. Аммо охирги бир ой давомида ушбу ҳожатхонани капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги учун тез кунда ушбу муаммо бартараф этилиши маълум бўлди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонанинг барча бўлимларида пайдо бўлган муаммоларни тезда аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида  назорат ўрнатилди.

Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.