Трамп лавозимини тарк этишдан олдин оила аъзоларини афв этишга қарор қилди
АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп ўз лавозимини тарк этишидан олдин атрофидаги бир неча кишини афв этиши мумкин. Бу ҳақда CNN телеканали маълум қилди.
Манбаларга кўра, ушбу имкониятни у ёрдамчилари билан муҳокама қилишга тайёр. Афв этиладиган номзодлар орасида президентнинг оила аъзолари - Трампнинг маслаҳатчилари бўлган қизи Иванка ва унинг эри Жаред Кушнер ҳам бор. Телеканал маълумотига кўра, Америка амалдаги раҳбари демократ Жозеф Байденнинг янги маъмурияти даврида у ва унга яқин бўлганлар таъқиб қилинишидан хавотирда.
Лекин Трамп ушбу шахсларга айнан қандай айбловлар қўйилишидан хавфсираётгани ҳақида айтилмаган. Материалдан тушиниладики, президентга яқин бўлганлар Америка раҳбари томонидан олдиндан афв этилса, кейинчалик уларнинг жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслигига ишонишади.
Шу билан бирга, АҚШ президентининг баъзи маслаҳатчилари «у ўзини ҳам олдиндан афв этиши мумкин», дея ҳисоблашади. Манбалардан бири АҚШнинг 38-президенти Жералд Форд ўзидан аввал давлатни бошқарган Ричард Никсонни афв этганини эслатди. Бироқ Трамп ўзини ўзи авф эта олмайди, дея фикр билдирмоқда америкалик сиёсатшунослар.
Илгари АҚШ президенти Доналд Трампнинг қизи Иванка отаси давлат раҳбари лавозимини тарк этганидан кейин сиёсий карьерасини бошлаш ниятида экани ҳақида хабар берилган эди. Айни пайтда у отасининг маслаҳатчиси лавозимида туриб, республикачилар партияси доирасида нуфузини кучайтиришни ёки бошқа бирор сиёсий лавозимга кўтарилишни кўзламоқда. У президентликка даъво қиладими йўқми, деган саволга ҳозирча жавоб беришга шошилмаяпти.