Туризм университети тест синовларини ДТМ ўтказмаяпти

Ҳа, шундай. Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун тест синовлари “Examus” онлайн прокторинг тизими орқали ўтказилмоқда.

“Examus” онлайн прокторинг тизими сунъий интеллектга асосланган бўлиб, имтиҳон вақтида тақиқланган ҳаракатлар аниқланадиган мониторинг тизими ҳисобланади. Бунда кузатув учта манба асосида – аудио, видео ва иш столи экранини ёзиб олиш ҳисобига амалга оширилади.

Университет қабул комиссияси маълумотларига кўра, жорий йил университетда ўқиш истагида бўлган 1 минг нафардан ортиқ абитуриент ариза топширган. Улар университетнинг 6 та йўналиши ҳамда Россия ва Македония олий таълим муассасалари билан амалга оширилаётган 4 та қўшма таълим йўналишлари бўйича ўқишга қабул қилинади.

Белгиланган тартиб асосида бир навбатда 50 нафар, бир кунда 250 нафар абитуриент тест синовларини топширмоқда.

– Университетимизда халқаро тажрибага асосланган ҳолда қабул жараёнлари мустақил ташкил этилди, – дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Феруз Нуров. – Бакалавриат босқичига ўқишга кириш учун тест синовлари хорижлик мутахассислар иштирокида қатъий белгиланган тартибда ўтказиляпти. “Examus” онлайн прокторинг тизими бизгача АҚШ, Европа давлатлари, Россия ва Қозоғистоннинг етакчи университетларида қўлланилиб, ўз самарасини берган. Шу боис, мазкур тизимдан фойдаланиб, кириш имтиҳонларини шаффоф, очиқ ва одилона ўтишини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Энг муҳими, абитуриент имтиҳон топшириб бўлган заҳоти тўплаган баллини билиб чиқади. Ўқишга қабул қилинганлар тўғрисидаги маълумот эса тест синовлари якунлангач эълон қилинади.

Таъкидлаш керакки, университетдаги тест синовлари фақатгина республикамиз фуқаролари учун. Улар тарих ва география фанидан инглиз тилида ҳамда ўзбек тилида давлат тили бўйича тест синовларини топширмоқда. Хорижлик абитуриентлар белгиланган тартибда онлайн имтиҳон топширади.