Ҳар бир мамлакатнинг ўз “туш”и борми?

Бу тадқиқот каравотлар яратувчи Happy Beds компанияси томонидан буюртма қилинди. Ишга киришган социологлар одамлар ўз тушлари сюжетлари билан баҳам кўрадиган, уларни умумлаштириб таҳлил қиладиган кўплаб сайтлардан фойдаланишди. The Daily Mail эса олинган натижалар билан таништиради.

Сюжетлар, албатта, индивидуал равишда фарқланади, лекин улар бир мамлакат яшовчилари орасида ҳайратланарли даражада такрорланар экан. Англияликларнинг тушига кўпинча асаларилар киради. Психологларнинг фикрига кўра, бу доимий ташвиш ва беҳаловатлик ҳақида гапиради.

Америкаликлар кўпинча кўзларини суғуриб олаётган кўз шифокори ҳузурида бўлишади, улар доим бирор-бир нарсасини йўқотади, топа олмайди, оёқ бармоқлари тушиб қолганини кўради ва ҳайратланарли тарзда пуфлаб чалинадиган асбобда мусиқа чалишади. Шарҳловчилар бу тушларда диққат марказида бўлишдаги доимий қўрқувни кўришади.

Австралиядаги алғов-далғов тушлар одатда маҳаллий табиат – илонлар, тимсоҳлар, шунингдек, бўронлар ва тошқинлар билан боғлиқ.

Немислар тушида саёҳат билан боғлиқ даҳшатларни кўради – улар ё поездга кечикишади ёки умуман бошқа жойга бориб қолишади. Бу уларнинг ҳаётда тўғри йўл тутиши ёки тутмаслиги ҳақидаги доимий шубҳаларидан гапиради.

Французлар кечаси билан турли хил FaceTime (телефон қурилмалари ўртасида видео ва аудио қўнғироқларни қўллаб-қувватлайдиган дастур) носозликларидан қўрқиб чиқишади. Еб тўймас италияликларни озиқ-овқат тугаши билан боғлиқ тушлар қўрқитади. Вьетнамликлар тушида кўпинча мияга ўрнашиб қолган собиқ жазманлари пайдо бўлади. Буларнинг барчаси у ёки бу даражадаги умидсизликдан далолат беради.

Россияликларнинг туш саргузаштлари ҳам ўзига хос хусусиятларга эга: кўпчилик ўзини ёпиқ хонада кўради, унинг атрофида айланиб юриб, чиқиш йўлини топишга ҳаракат қилишади. Ёки улар катта шаҳарда адашиб қолган бўлади. Кўринишидан, бу доимий ташвиш ва ўзига ишончсизликни билдиради.

Айтганча...

The Daily Mail'нинг ёзишича, одамлар Covid-19 билан касалланган вақтда жуда кўп даҳшатли тушлар кўра бошлаган. Ёмон тушлар ҳақидаги шикоятлар деярли бутун дунёдан келган. “Тинчлик даври”да ҳеч ким унчалик кўп даҳшатли туш кўрмаган – бу тиббий факт.

- Пандемия ва ёмон тушлар, албатта, бир-бирига боғлиқ, - дейди Мэсси университети уйқу ва уйғоқлик тадқиқот маркази (Massey University Sleep/Wake Research Centre) вакили, янгизеландиялик доктор Рози Гибсон (Rosie Gibson).

Ҳодисалар моҳиятини халқаро вазият кескинлашувидан олдин ҳам ўрганган тадқиқотчи инфекция мияга таъсир қилмаслиги, тунги ваҳималар карантин ва ўзини изоляция қилиш натижасида келиб чиққанлиги тўғрисида гапирди. Унга қўшимча расмий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги турли хил ва қоида тариқасида бир-бирига қарама-қарши хавотирли хабарларнинг кўплиги туфайли одамлардаги қўрқув ва мияга ўрнашиб қолган фикрлар ўз ишини қилди.

Кучли ахборот оқими мияни “босади”. Натижада у онгсиз даражада ваҳимани бошлайди. Ёмон тушлар эса бизни ҳиссий жиҳатдан реал ҳаётга мослашишга ёрдам бериб, руҳий ваҳимага жавоб қайтаради.

- Хўш, бу хизмат тури сизга ёқмаяптими? Уни қисман ўчиришнинг осон йўли бор. Ухлашдан камида икки соат олдин дунё муаммолари ҳақида ҳеч нарса кўрмаслик ёки эшитмаслик учун барча ахборот ресурсларидан узоқлашинг, - дейди Рози Гибсон. - Фикрларингизни жамланг, ибодат қилинг, машқ ёки йога билан шуғулланинг. Тушлардан бирор бир яхши нарсани англаб олишни истасак, бу албаттаёрдам беради.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.