Украина Киберполицияси ЕИ фуқароларининг 4 миллион доллардан ортиқ пулларини ўзлаштирган жиноятчиларни қўлга олган
Халқаро жиноий гуруҳ аъзолари Киберполиция департаменти ходимлари томонидан Чехия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ҳамкорликда фош қилинган.
Бу ҳақда Украина Миллий полициясининг Киберполиция бошқармаси хабар тарқатган. Хабарга кўра, жиноятчилар 100 дан ортиқ "фишинг" веб-саҳифалардан фойдаланган ҳолда, асосан Европа мамлакатлари фуқароларининг банк карта маълумотларини қўлга киритиб, пулларини ўзлаштирган.
Махсус операция давомида Украинанинг Винница ва Львов шаҳарларида жойлашган 2 та норасмий "Call-марказ" аниқланган.
Call-марказ"нинг асосий вазифаси фуқароларни ишончига кириш ва уларни сохта веб-саҳифаларга ўтишларини таъминлаш бўлган.
Чехия, Полша, Франция, Испания, Португалия ва бошқа Европа мамлакатларидан 1000 дан ортиқ жабрланувчилар аниқланган бўлиб, умумий 160 миллион гривна (4 млн. АҚШ долларидан кўпроқ) миқдорида зарар етказилган.
Ўтказилган махсус операция давомида Украина Киберполицияси ва Чехия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари томонидан бир вақтнинг ўзида жиноятчиларнинг 30 дан ортиқ жойлашув жойларида тинтув ўтказилган.
Шунингдек, ушбу гуруҳнинг яна 10 нафар аъзолари Европа ҳудудида қўлга олинган.
Манба: npu.gov.ua