Улуғ Умра зиёрати: Ҳаяжонли учрашув

Шу куни пешингача меҳмонхонада дам олиб, чарчоғимизни чиқардик, Тушликдан сўнг мен меҳмонхонамиздан то Каъбагача бўлган масофани пиёда чамалаб чиқдим.

Йўл қарийб бир соатлик вақтимни олди. Кейин меҳмонхонадаги кичик масжидда аср намози ўқилиб бўлингач, йўлбошчимиз Абдулборий бизни бир пиёла чой устида учрашувга таклиф қилди. Тадбир шаҳар четидаги спорт мактабининг катта залида ўтказилди. Мен бир нарсага амин бўлдимки, Саудия Арабистонида жисмоний тарбия ва спортга эътибор катта экан. Макка шаҳрида ҳам стадионлар ва спорт заллари кўп.

Учрашувимиз турли мавзуларда суҳбат ва савол-жавоблар билан қизиқарли ўтди. Мажлис охирида мезбонлар бизни Қуръон китоби, жойнамоз, турли егуликлар ва ширин чой билан сийлаб, хурсанд қилишди. Шом намози биргаликда ўқилиб бўлингач, шу жойнинг ўзида дастурхонлар ёзилиб, арабча усулда пиширилган сергўшт палов тортилди. Бу ошнинг бизникидан фарқи шундаки, сабзи солинмас экан.

Мен маккаликларнинг биз, ўзбекистонликларга кўрсатган бу эътибор ва илтифотини буюк ҳадисшунос олим Имом Бухорийнинг юртдошларига кўрсатилган эъзоз-эътибор деб тушундим. Умуман, зиёрат давомида бизни бухорийлардан эканлигимизга алоҳида диққат-эътиборни сезиб, билиб турдик.

Учрашувга бориб келиш асносида бир нечта туннеллардан ўтишга тўғри келди. Бу ер ости йўлларини Маккатуллонинг ўзига хос метроси деган бўлардим. Улар шаҳарнинг турли чеккаларига олиб чиқадиган йўлларни бир-бири билан боғлаб турадиган белбоғлар экан. Тоғли рельф шароитида шаҳар кўчаларини туташтиришнинг ўзга чораси йўқ. Фақат, бу ўринда инженерларнинг илмий савияси ва қурувчиларнинг улкан меҳнатига қойил қолмасдан бошқа илож йўқ. Саудия Арабистонида кейинги даврлардаги қурилиш индустриясининг жадал тараққиёти Маккадаги янги иншоотлар, йўллар, кўприклар мисолида янада ёрқинроқ кўринади.

Велосипед билан Маккага

Ҳа, менга ўхшаган велосипед саёҳатига ишқибоз одамлар дунёда яна бор экан. У киши мендан фарқли ўлароқ, ҳажга “велик” билан бориш орзусини чиндан ҳам амалга оширган. Бу инсон билан Макка шаҳридаги яшаб турган меҳмонхонамизда учрашиб қолдим.

Акмалхон ота Аҳмедов 71 ёшда бўлсалар ҳам тетик, ғайратли, чол дейишга тилим бормаяпти. Чунки у кишининг ғайрат-шижоатига ҳар қандай йигит ҳавас қилса арзийди. Шу йил май ойида велосипед билан чўнтакка атиги 200 юз доллар солиб Қўқон шаҳридан йўлга чиққан эшон бобо Қорақалпоғистон орқали Қозоғистонга ўтиб, Актюбинск шаҳригача борибдилар. У ердан саховатпеша инсонлар отахонни велосипедлари билан қўшиб Истанбулга учириб юборибди. Отахон Истанбулдан Ван шаҳри орқали Эронга ўтмоқчи бўлибдилар. Аммо эронликлар у кишига чегарадан ўтишга рухсат бермабди. Тиниб-тинчимас саёҳатчимиз яна орқага Истанбулга қайтишга мажбур бўлибдилар.

Бир неча минг километрлик йўл зое кетибди. Истанбулда яшовчи бир қиз у кишининг ҳолидан хабардор бўлиб, ота-бола тутинишибди ва Акмалхон отага тўқсон кунлик виза очтириб, қўлларига пул бериб ҳажга жўнатибди. Минг-минг чақирим йўл босиб қийналибсиз, энди самолётда учиб маза қилинг, дебди. Биз Маккада бўлиб турган вақтимизда у киши гуруҳимизга қўшилиб олди. Берилган виза муддати 27 декабрда тугар экан. Ўшанда Истанбулга қайтаман, тутинган қизимнинг уйидан велосипедимни олиб, яна Қўқонга равона бўламан, дедилар эшон бобо.

Хуллас, ҳаётда биз ибрат олишимиз мумкин бўлган одамлар беҳисоб экан. Тиниб-тинчимаган бу инсон биз Маккадан кетишимиздан уч кун илгари яна Мадина сари отланиб қолдилар. Энди қачон Маккага қайтасиз, деб сўраганимда “Менинг зиёратимни муддати йўқ”, дея ҳазиллашдилар. У киши билан 7 октябрь куни қучоқлашиб хайрлашдик.

Зиёрат ва саёҳат

5 октябрь эрталаб Маккатуллоҳнинг зиёратгоҳ жойлари бўйлаб саёҳатга чиқдик. Дастлаб Савр тоғи этагида гуруҳбошимиз Абдулборийдан бу ерда содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида тингладик. Сўнг Арофат тоғига бориб, Ҳазрати Одам билан Момо Ҳаво учрашган жойни зиёрат қилдик. Ундан кейин Мино водийсига тушиб, ҳаж кунларида зиёратчилар яшайдиган улкан чодирли шаҳарни томоша қилдик.

Чодирли шаҳар адоғида қурбонлиқ қўйлар сўйиладиган улкан кушхонани кўрсатишди. Охирида пайғамбаримизга илк илоҳий ваҳийлар тушган Нур тоғи этакларида бўлдик. Муҳтарама Хадича онамиз ётган қутлуғ қабристонни зиёрат қилиб, пешин намозидан олдин "Нухба ал Хайр" дея аталмиш вақтинчалик хонадонимизга қайтдик. Мен ўзимча меҳмонхонамизнинг номини "Бақала" деб қўйиб олдим.

Шундоққина меҳмонхонамиз ёнидаги дўкон пештоқига шу сўз катта қилиб ёзиб қўйилган. Менимча, бақала "баққоллик" дегани бўлса керак. Нима бўлганда ҳам, ана шу битик мен учун асосий белги бўлди. Ҳар гал шу ёзув пайдо бўлгач, автобусдан тушишни одат қилдим. Акс ҳолда бу гавжум шаҳарда адашиб кетиш ҳеч гапмас. Шу боис халқ орасида адашмаган ҳожи ҳожи эмас, деган ҳазиломуз нақл юради. Юқорида ёзганимдек, Хадича онамиз ётган, шундай табаррук инсонларнинг мозорларида ҳам бирорта кўзга кўринарли ёдгорлик ёки обидани кўрмадим. Теп-текис ер устида у ер-бу ерда оддий тошлар териб қўйилган, холос.

Пешиндан кейин дам олиб, ибодат билан машғул бўлдик. Шундай қилиб, Маккатуллоҳдаги яна бир кунимиз ўтди. Бу кун яна шуниси билан ёдимда қолдики, қишлоғимизнинг бош хабарчиси Дилшод жарчининг телеграм канали орқали тарқатилган бир жойда ўйнаб, бир жойда улғайиб, бир жойда ўқиган яқин синфдош ўртоғим Йўлчибойнинг вафоти ҳақидаги совуқ хабар шу олис жойларгача етиб келди. Йўлчибой дўстим анчадан буён бемор бўлиб ётиб қолганди. Мен ҳам яқин қўшним, ҳам яқин дўстимнинг ўлимидан ғоят мутаассир бўлдим ва табаррук тупроқда туриб унинг ҳақига дуойи хайрлар қилдим. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Илоҳим, Аллоҳ сенга фирдавси аълодан жой ато этган бўлсин, Йўлчибой дўстим.

Худойберди Комилов.

(Давоми бор)