Ургутда VII-VIII асрларга оид ибодатхона топилди
Ургут туманида 200 дан ортиқ археологик ва архитектура ёдгорликлари аниқланган бўлиб, улар даврийлик жиҳатидан турли асрларга тегишли. Жумладан, туманнинг Жўрабтепа маҳалласидаги Қўрғонтепа ёдгорлиги илк ўрта асрларга оид қадимги масканлардан бири ҳисобланади.
IX-XII асрлар араб муаррихлари Ал-Истахрий ва ибн Ҳавқал маълумотларига кўра, Санжарфағн нисбатан кичик рустоқ бўлиб, унда бир нечта қишлоқлар, хусусан, Эшонравот қишлоғи ҳам мавжуд бўлган. Яна бир муаррих Ал-Муқаддасий эса “Санжарфағн аҳолиси зич жойлашган, иқлими бошқа қишлоқларга қараганда энг яхши, мевалари ширин, ерлари серҳосил”, деб ёзади.
XVI асрга оид вақф ҳужжатларида бу рустоқ номи “Санжар Фиғон” шаклида учрайди. Сўнгги ўрта асрлар манбаларида у “Занжирбоғ” шаклида қайд этилиб, Аббос ҳамда Караунас ариқларининг орасида жойлашганлиги қайд этилган.
Санжарфағн номининг этимологияси санскритча сангҳарама – “буддавий ибодатхона” ёки суғдча βγн – “ибодатхона” маъноларини ифодалайди. Бу рустоқ Бормиш (Аббосариқ, Янгиариқ) ва Башмин (Караунас, Қозонариқ) каналларининг ўртасида жойлашган. Рустоқининг маркази сифатида ҳозирги Жўрабтепа маҳалласи Эшонравот қишлоғида жойлашган Қўрғонтепа ёдгорлиги билан локализация қилиш мумкин.
Жорий йил Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти археологик отряди томонидан ёдгорликда олиб борилган археологик қазишма ишлари натижасида VII-VIII асрларга оид ибодатхона ўрни ва қолдиқлари топилди.
- Қўрғонтепа ёдгорлигининг умумий майдони 6 гектар бўлиб, атрофи мустаҳкам деворлар билан ўралган ва ўртасида баланд арки бор, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Ўтган йил ёдгорликда қазишма ишларини бошлаган эдик ва манбаларда қайд этилган илк ўрта асрларга тегишли ибодатхона ўрнини топишга эришдик. Ўша даврда Суғд ҳудудида оташпарастлик, монийлик, буддавийлик ва христианлик динлари бўлган. Қазишма жараёнида ёдгорликдан ҳайкалчалар, нафис деворий суратлар ва меҳроб ҳам чиқди. Ибодатхона қолдиқлари ва деворлардаги суратлардан бу оташпарастлар динига тегишли дейиш мумкин. Шунингдек, ибодатхона араблар истилоси даврида, яъни 712 йилда Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги арабларнинг Самарқандга қилган юришлари натижасида ёқиб юборилган ва ҳозиргача кул қолдиқлари сақланиб қолган. Ёдгорликнинг аҳамияти объект тўлиқ очилса, бундан 1300-1400 йил олдин аждодларимиз қайси динга эътиқод қилгани, ибодатхоналардан қандай фойдалангани, VII-VIII асрлардаги ҳаёт ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўламиз.
Ибодатхона тарҳи тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, деворларнинг сақланиб қолган баландлиги 3 метр, хонага 5 та эшик орқали кирилади. Хона тўрида тахт-супа, унинг тўрт томонида устун ўринлари жойлашган.
- Хонанинг ўлчами 8х4,95 метр бўлиб, битта хонага бешта эшик орқали кирилади, - дейди Самарқанд давлат университети тарих факультети таянч доктаранти Ғайрат Муҳаммадиев. - Биринчи эшик ғарбий томонда, иккинчи, учинчи ва тўртинчи эшиклар эса тўғридан-тўғри ҳовлига боғланган. Учала эшик ҳам деворий суратлар билан қопланган. Ҳовлидан ибодатхонанинг марказига, яъни саждагоҳга кириб келинади. Ичкарига кириш учун махсус пандуслар ҳам қилинган. Бешинчи эшик шарққа қараган бўлиб, хонадан 20 сантиметр пастда жойлашган. Шунингдек, хона ичкарисида бешта токча бўлиб, улардаги деворий суратлар, ҳайкалчалар қолдиқлари сақланиб қолган. Токчалардан бирининг ичида лойдан ясалган ҳайкалнинг қўл ҳамда оёқ қисмлари топилди.
Хона деворлари диний мавзудаги суратлар билан безатилган бўлиб, сақланиб қолинган тасвирлар орасида юзи овалсимон, қулоқ ва қўллари эса зебу зийнатларга бой бўлган маъбуданинг тасвири мавжуд. Унинг бошида илк ўрта асрлар Суғд санъатида кўп учрайдиган қанотли, устки қуббаси ярим ой шаклда бўлган тож тасвири мавжуд. Айтиш жоизки, хонада сақланаётган деворий сурат парчалари орасида бундай тож ва персонаж тасвирларининг турли парчалари яна аниқланмоқда. Мазкур ибодатхонанинг деворларида юқорида қайд этилган маъбуда тасвири ягона бўлмагани, балки бундай илоҳлар тасвирлари хонанинг барча деворларида тасвирланганидан далолат беради.
Археологларнинг қайд этишича, Исломгача бўлган давр деворий сурат ва ҳайкалтарошлик намуналари Ўзбекистон ҳудудида яқин бир неча ўн йилликда аниқланмаган эди ва шу сабабдан ҳам Қўрғонтепа ёдгорлигида аниқланган бундай санъат намуналари жуда катта аҳамиятга молик. Энди ушбу жойда археологик қазув тадқиқотлари, деворий суратларни сақлаш, улардан нусха кўчириш ва ечиб олиш жараёнларини давом эттириш керак. Мутасаддилар ҳам ёдгорликни асраш, халқимиз, аждодларимиз ҳамда ушбу ҳудуд тарихини ўрганиш ва тадқиқ қилиш учун эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин Рўзибоев.