Ургутдаги чегара олди маҳаллаларда сув муаммоси ҳал бўлади(ми?)

Бундан тўққиз йил олдин Ургут туманининг Тожикистон билан чегарадош Чеп-Мирзабоғлон маҳалласида курсдошимникида меҳмон бўлган эдим. Ёзнинг иссиқ куни чанқаб, ундан сув сўрадим. У қўлимга идиш тутқазиб, ҳовли бурчагидаги ҳовузни кўрсатганча “Ўзинг олиб ича қол”, деди. Лойқа сувни кўриб, ҳазил қиляпти деб ўйладим. Аммо у идишни қўлимдан олиб, ўша сувдан аввал ўзи ичди ва кейин менга узатди. Шунда ушбу ҳудуд ичимлик суви муаммоси борлигини англадим. Афсуски, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, сув муаммоси туманнинг энг чекка, чегара олди ҳудуд аҳолисини ҳамон қийнаб келаётган экан.

Яқинда Ургут туманидаги чегара ҳудудида жойлашган маҳаллалар аҳолиси учун вилоят ҳокимлигининг сайёр қабули ташкил этилди. Унда вилоят ва туман ҳокимликлари мутасаддилари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиб, Чеп, Мирзабоғлон ва Бешёғоч маҳаллалари аҳолисининг мурожаатларини эшитди. Қабул жараёнида аҳоли томонидан асосан ижтимоий хизматлар, электр энергияси, маиший газ баллонлари таъминоти, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ички йўлларни таъмирлаш масалалари кўтарилди. Бироқ деярли ҳар иккинчи мурожаат энг оғриқли муаммо — ичимлик ва оқар сув танқислиги билан боғлиқ бўлди. Биз аҳоли хонадонларида бу муаммоларга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

 — Асосий даромадимиз узумчилик ва чорвачиликдан, — дейди Мирзабоғлон маҳалласида яшовчи Қобил Жўрақулов. — Аммо кейинги йилларда сув танқислиги сабабли деҳқончилик билан шуғулланиш деярли имконсиз бўлиб қолди. Ҳозир эса, ҳатто, ичимлик сувини ҳам сотиб олишга мажбурмиз. Чунки Чеп маҳалласи ҳудудидаги Оққўрғон тоғидан келадиган булоқ суви уч маҳалланинг ўн мингдан ортиқ аҳоли эҳтиёжини қондиришга етмаяпти. Бундан ташқари, сув сатҳининг кескин пасайиб кетиши қудуқ қазиш ва артезиан чиқариш ишларини анча қийинлаштириб қўйди.

— Сув, йўл ва электр энергияси маҳалламиздаги энг оғриқли масала, — дейди 3200 нафардан зиёд аҳоли яшайдиган Чеп маҳалласи раиси Қайтмас Бобоев. — Кейинги йилларда манзилли дастур асосида аҳоли хонадонларига олти километр сув тармоғи тортилди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида учта трансформатор, 276 та бетон устун ўрнатилди. Маҳаллада сув захирасини яратиш учун ҳашар йўли билан иккита ҳовуз ҳам ташкил этдик. Бироқ амалга оширилган ишлар муаммога тўлақонли ечим бўлмаяпти. Жумладан, Тожикистон чегарасига яқин жойлашган, бир-бирига туташ Чеп, Мирзабоғлон, Бешёғоч ва Ваткан-Қўзибек маҳаллалари аҳолиси тоғдан келадиган булоқ сувини навбат билан олади. Афсуски, сув танқислиги сабаб фуқаролар ўртасида келишмовчиликлар ҳам юзага келяпти.

Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси туман бўлими бошлиғи Шерзод Холиқов энг чекка ҳудудларда сув, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида маълумот берди.

— Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил Ургут туманига амалга оширган ташрифи давомида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди, — дейди Ш. Холиқов. — Ушбу вазифалар доирасида ижтимоий соҳа объектларини яхшилаш учун қарийб 1 триллион 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган. Жумладан, туманнинг чегара олди ҳудудида жойлашган саккизта маҳалла оғир тоифага киритилиб, ҳар бир маҳаллага республика бюджетидан 2 миллиард сўмдан, шунингдек, вилоят маҳаллий бюджетининг орттирилган қисмидан 1 миллиард сўмдан маблағ ажратилди. Жорий йилда мазкур маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш ишлари бошланади. Хусусан, қўшни Тожикистон билан чегарадош маҳаллалардаги қарийб 500 гектар ер майдонини сув билан таъминлаш мақсадида Қуйиқишлоқ ва Ваткан маҳаллаларида сув чиқариш насослари ишга туширилиб, тармоқлар тортилади. Агар томорқаларни суғориш учун сув келтирилса, суви аҳолининг истеъмоли учун етарли бўлади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.