Уве Пролль: Ўзбекистон минтақада хавфсизликни таъминлашнинг кафолати

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясида Президент сайловини кузатиш мақсадида мамлакатимизга келган Германиянинг “Behörden Spiegel” газетаси бош муҳаррири Уве Пролль ва “LTC Media Group” компанияси бош муҳаррири Александр Черкаский билан учрашув ўтказилди.

Округ сайлов комиссияси раиси Ф.Тошев мамлакатимизда бу галги Президент сайловига кўрилган тайёргарлик, қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар ҳамда сайлов кампаниясининг бориши ҳақида маълумот берди.

Меҳмонлар округ ҳудудидаги сайлов участкаларидаги тайёргарлик, муддатидан олдин овоз бериш ва бу имкониятдан хориждаги ўзбекистонликларнинг фойдаланиши учун яратилган шароитлар билан қизиқди.

– Ўзбекистонда сайловга катта тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик, - дейди Уве Пролль. – Кеча Тошкентда бу жараёнлар билан танишгандик, бугун Самарқанддамиз. Мен Ўзбекистонга келгунимча ҳам мамлакатингиз сайлов қонунчилиги билан танишган ва бу ҳақда бироз маълумотларга эга бўлгандим. Энди бунинг амалий ифодасини кўряпман. Юртингизга келишимдан яна бир мақсад – Ўзбекистоннинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг кафолати эканлиги билан яқиндан танишиш эди. Бу ниятим ҳам амалга ошганидан хурсандман. Умуман, юртингизга биринчи марта келаётган бўлсам-да бу серқуёш замин менга жуда ёқди.