Ваъдага вафо: Самарқандда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов уй-музейи очилди

Самарқанд шаҳридаги Кўкмасжид маҳалласида Ўзбекистон халқ ҳофизи, машҳур бастакор ва созанда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов уй-музейи очилди.

Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов 1852-1936 йилларда Самарқандда яшаб, ижод қилган таниқли бастакор, ўзбек мақом санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшган бетакрор овоз соҳибидир. У яратган “Гулузорим”, “Гуллар боғи”, “Бебоқча” “Бозургоний”, “Самарқанд ушшоғи” каби юзлаб қўшиқлар мумтоз мусиқа меросимизнинг энг ноёб асарлари қаторидан жой олган.

Шашмақомни ўрганиш ва кенг тарғиб этишда Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг хизматлари катта бўлган. Самарқанд мақом йўллари, соз чалиш ва ашула айтиш бўйича кўплаб ёшларга устозлик қилган, уларга ўз санъатини ўргатган. Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабий ҳам унинг Самарқанддаги хонадонида яшаб, ҳофиздан сабоқ олган.

Аммо ана шу табаррук хонадон, кўплаб санъат дарғалари қадами етган ҳовли йиллар давомида эътибордан четда қолди.

Жорий йилнинг май ойида Самарқанд вилояти ҳокими ва жамоатчилик вакиллари Регистон майдони яқинида Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов туғилиб, ўсган, ижод қилган уйга ташриф буюриб, ушбу ҳовлини ижодкорнинг уй-музейига айлантиришга қарор қилган эди.

Шу пайтгача шахсий хонадон сифатида фойдаланилаётган уйни эгаси (бу инсон ҳам улуғ бастакорнинг яқинларидан бири)дан сотиб олиб, капитал таъмирлаш ва “Шарқ тароналари” фестивали арафасида фойдаланишга топшириш, бу ерга санъаткор томонидан фойдаланилган ашёлар, мусиқа асбоблари, китобларни жойлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилганди.

Орадан уч ой ўтди. Ҳовлида қисқа вақтда кенг кўламдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ўз навбатида уй-музей учун ҳофиз фойдаланган ва ҳозирда турли жойларда сақланаётган буюмлар, мусиқа асбоблари, китоблар тўпланди.

Айтилганидек, эртага Самарқандда бошланадиган “Шарқ тароналари” ўн иккинчи мусиқа фестивали олдидан бугун буюк санъаткорнинг уй-музейи тантанали очилди.

Маросимда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, уй-музейда амалга оширилган ишлар билан танишди. Ушбу маскан Самарқанд мусиқа ва қўшиқчилик санъати тарихини, анъаналарини ўрганиш ва тарғиб этишга хизмат қиладиган маърифат манзил бўлиши таъкидланди.