Ватан бўлмас ватандан ташқарида
Йўлбошловчимиз ҳар бир элчихона олдидан ўтаётганимизда мамлакат ҳақида қисқача маълумот берар экан, "Бу давлатдан ким бор?", деб сайёҳларга қараб қўярди. Автобусдаги 42 саёҳатчининг тўқсон фоизи Америка фуқаролигини қабул қилган собиқ СССР фуқаролари. Биз йўлдаги суҳбатлар давомида кимнинг асли қаердан келганлигини билиб олган эдик. Лекин ҳеч ким "Мен шу давлатда туғилганман, ўша ерда ўсганман", демасди.
Ўзбекистон элчихонасига яқинлашганимизда гид яна шу саволни берди. Биз, деб турмуш ўртоғим иккимиз қўлимизни кўтардик. Давлатимиз байроғини кўриб, қалбимиз фахр ва ғурурга тўлди. Элчихона биносини, унинг олдида ҳилпираб турган байроғимизни суратга туширдик. Афсуски, Ўзбекистонда туғилиб ўсган, юртимизда камолга етиб, жамиятда ўз ўрнини топган, айни пайтда Америкада яшаётган ҳамроҳларимиз эса ҳамон жим кетишарди. Улардан ҳеч бирининг кўзида юрт соғинчини, яшаган заминидан миннатдорлик аксини кўрмадик. Балки бу сирдир. Балки бу ватансизликдир. Чунки улар океан ортини ҳам Ватаним деб айтишга ожиз.
Таржимон қиз "Мана бу Украина элчихонаси, ким бор?", деб мурожаат килди. Ота-онаси билан саёҳатга чиққан етти ёшлардаги қизалоқ ўрнидан туриб, баралла овозда "Биз бормиз, биз Украинаданмиз", деди. Шу он қизчанинг ота-онаси унга "Ўтир, ўтир, жим бўл", деб уни жойига ўтқазди. Јизалоқ эса уларнинг гапига эътибор бермай "Бу бизнинг байроқ, биз Украинаданмиз", деб гапирарди.
Биз эса ҳамон юртимиз байроғини, жаннатмакон Ўзбекистонимизни кўз олдимизга келтириб, юрт соғинчини чин дилдан туйиб борардик.
Абдувоҳид
ХУДОЙБЕРДИЕВ.