“Ватан манзумаси”: Жасорат, матонат, ватанпарварлик мадҳ этилди
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Мудофаа, Маданият ва туризм вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси, республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев, Ўзбекистон халқ артисти Саидкомил Умаров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шоҳида Исмоилова ва таниқли эстрада хонандалари иштирок этди.
Тадбир давомида марҳум ва замондош шоирларнинг ватан, халқ, она каби мавзулардаги шеърлари ўқилди. Шунингдек, мамлакатимиздаги тинчлик, осойишта ҳаёт, ҳамжиҳатлик ва фаровонликни ифодаловчи видеолавҳалар, театрлаштирилган бадиий композициялар намойиш этилди.
- Бундай адабий-маърифий кечаларни ўтказишдан асосий мақсад ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, - деди Ботир Эргашев. - Буюк аждодлар ва юрт равнақи йўлиди жасорат кўрсатган инсонларни ёд этиш, уларнинг авлодларга қолдирган меросини ўрганиш ва ишларини давом эттириш ўзини шу юрт фарзандиман деб билган ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ана тушунчалар адабиёт ва санъат аҳли томонидан оммага етказилмоқда.
Адабий кеча якунида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотираси ёд этилди.
- Ўғлим 2000 йил август ойида Сурхондарё вилояти Узун ва Сариосиё туманларида террорчиларга қарши олиб борилган жангларда хизмат бурчини бажараётган чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлди, - дейди нурободлик марҳум ҳарбий хизматчи Сайёр Садиновнинг онаси Розия Садинова. - Ўтган йил фарзандимнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўзи туғилиб ўсган Гирдиқўрғон маҳалласида унинг бюсти ўрнатилди. Фарзандимнинг хизматлари ҳозиргача эътироф этилаётганидан жуда хурсандман. Бугун ҳам ўғлимнинг жасорати, юрт тинчлиги йўлида кўрсатган қаҳрамонлиги кўп бор тилга олиниб, хотирланди.
Фазлиддин Рўзибоев.