Вилоят бош имом-хатиби: «Ўзингизни ва яқинларингизни азобга қўйманг!»
Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар айниқса, хотин-қизлар, ёшлар билиб-билмай, ўз жонига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло айтади: "...Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир" (Нисо сураси, 29-оят).
Кўплаб саҳиҳ ҳадисларда ҳам ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ экани ва уни амалга оширган осий банда жаҳаннам ўти билан абадий азобланиши таъкидланади.
Абу Ўурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: "Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади" (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: Абу Ўурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расули акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам "Ким ўзини ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобда қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобда қолади", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Инсон борки, унинг бошига турли хил мусибат ва муаммолар тушади. Бу мусибатларни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон инсоннинг ишидир. Бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб, айюҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли, деб билиш имоннинг заифлигидандир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир.
Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишича, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло "Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим", деди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинар экан.
Афсус ила зикр қилиб ўтиш лозимки, бугун ҳам кишилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу мудҳиш ҳолатлар ислом шариатида қоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Қолаверса, киши бу ҳаракати билан ўз ота-онаси, хешу ақраболарини ҳам оғир кулфатга солиб қўяди. Бунинг оқибатида болалар етим қолмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда.
Жорий йилнинг 27 июль куни Президентимиз раислигида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларнинг бугунги ҳолати, бу борада ички ишлар органлари ва бошқа давлат идораларининг масъулиятини янада ошириш, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланишича, ўтган 6 ойда 2066 нафар юртдошимиз ўз жонига қасд қилган. Минг афсуски, уларнинг 1251 нафари вафот этган. Охирги икки ҳафтада 79 та шундай ҳодиса рўй берди.
Бу рақамлар ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қалбини ларзага солади. Вилоятимизда ҳам бундай ҳолатлар учрамоқда. Маълумотларга кўра, йилнинг биринчи ярмида 194 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилиб, уларнинг 106 нафари вафот этган. Ушбу ҳолатларни жойига бориб ўрганганимизда оиладаги кичик бир келишмовчилик, бир-бирини тушунмаслик ёки айрим ижтимоий-иқтисодий, маиший муаммолар бунга сабаб бўлганлиги аниқланмоқда. Ўар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммони сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди!
Аллоҳ таоло бизга омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини солиҳ амаллар қилишга, савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларимизни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидворлик билан яшашга интилиш – ҳақиқий имонли инсоннинг баркамол фазилати ҳисобланади.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби.