Вилоятда ажримлар беш юзтага камайган

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишини вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Э.Турдимов олиб борди.

Депутатлар дастлаб сессия кун ва иш тартибини белгилаб олди.

Кун тартибига мувофиқ, вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Умаровнинг “Эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажримлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурининг ижро этилиши тўғрисида”ги ҳисоботи тингланди.

Қайд этилганидек, 2020 йилда 910 та нотинч оила билан тизимли ишларни олиб бориш бўйича тавсиялар ва иш режа лойи­ҳаси ишлаб чиқилиб, шаҳар ва туманларга юборилган.

Ажрашиш ёқасига келиб қолган 1179 та оила билан маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчилик томонидан олиб борилган маънавий-маърифий тадбирлар натижасида 1012 та оила яраштирилган. Ўз навбатида ўтган йили 2 963 та ажримлар қайд этилиб, 2019 йилга нисбатан 505 тага камайган. Аммо бу ҳолат Пахтачи туманида 16 та, Булунғур туманида 13 та, Нуробод туманида 4 тага кўпайган.

Оилавий ажралишларга асосан ёшларнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, эр ёки хотин спиртли ичимлик ичиб, оилада жанжал чиқариши, эр-хотинлик муносабатига хиёнат қилиш, фарзандсизлик, оилавий ишларга яқин қариндошларнинг аралашуви, узоқ муддат бирга яшамаслик, эр-хотиндан бирининг касаллиги ва бошқа ҳолатлар сабаб бўлган.

Депутатлар бошқарма жамоасига низоли оилалар билан яккама-якка ишлаш юзасидан тавсиялар беришди.

Қўшработликлар осмонга қараб ўтирмайди

Сессияда ҳисобот берган туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаевнинг хулосаси шундай бўлди. Негаки, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, охирги икки йилда 75 километр автомобиль йўлига асфальт қопламаси, 250 километр ички йўлларга шағал ётқизилган.

Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2018 йилги статистик ҳисоботда 75 фоиз кўрсатилган бўлса-да, аслида 18 фоизни ташкил этган. Шу боис, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан туман аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 36 миллион долларлик 8 та лот бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил якунигача ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 89 фоизга етказилади.

Кейинги икки ойда 43 та янги трансформатор ўрнатилиб, ортиқча юклама билан ишлаётган 53 та трансформаторнинг қуввати оширилган, 103,3 километр ҳаво узатиш линиялари реконструкция қилинган. Тумандаги 25 минг 125 та аҳоли ва юридик истеъмолчиларнинг 17 минг 822 таси замонавий электр ҳисоблагичлар билан таъминланган.

Бундан 3-4 йил олдин туманда мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича қишлоқ хўжалиги техникалари етишмаган. Бугунги кунгача 30 га яқин замонавий қишлоқ хўжалиги, сув қазиш, бурғулаш техникалари келтирилган. Натижада, ўтган икки йил давомида экилган 5 минг гектар боғ-токларнинг 1200 гектарида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Йил якунига қадар яна 3 минг гектардан ортиқ майдонларда шундай технологиялар татбиқ этилади.

Бундан ташқари, икки йилда хориждан 10 мингдан ортиқ қўй, 1,5 мингга яқин эчки келтирилган.

- Биргина боғ-токларнинг ўзи 2024 йилдан 500 миллиард сўм даромад келтиради, - деди Ҳ.Оқбўтаев. – Мазкур мисолнинг ўзиёқ туман қандай имкониятга эга бўлаётганини кўрсатади.

Умуман, амалга оширилган ишлар натижасида ўтган икки ой учун туман маҳаллий бюджети даромадлари режаси 6 миллиард 900 миллион сўм этиб белгиланган, ҳақиқатда эса 10 миллиард 200 миллион сўмга бажарилган. Шунингдек, қайд қилинган даврда режадаги 100 минг доллар ўрнига 306 минг долларлик хорижий инвестиция жалб қилинган.

20 нафар магистр талабага  1 миллион сўмдан нақд пул берилади

Сессияда “Самарқанд вилояти ҳокимлигининг стипендияси”ни жорий этиш таклифи маъқулланди.

Қайд этилганидек, стипендия танлови вилоятда иқтидорли ёшларни кашф этиш, уларнинг ижод ва билим чўққиларини эгаллашига кўмак бериш, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадларини кўзлаган.

Депутатлар вилоят ҳокимлигининг стипендиясини ташкил этиш ва уни та­йинлаш тўғрисида низом, олий таълим муассасалари ишчи гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштириш ва номзодларни саралаш бўйича вилоят комиссияси таркибини тасдиқлади.

Комиссияга 10 кун муддатда ариза топширган номзодлардан 20 нафарини низом талаблари асосида саралаш вазифаси топширилди.

Ғолибларга 6 ой давомида маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг алоҳида шахсий ҳисобварағи ташкил қилиниб, нақд пул шаклида 1 миллион сўмдан стипендия берилиши белгиланди.

Қарорга кўра, “Самарқанд вилояти ҳокимлигининг стипендияси” ғолибларини олий таълим муассасаларини тамомлагандан сўнг вилоят ҳокимлигининг “Самарқанд келажак жавоҳирлари” истиқболли ёш кадрлар захираси рўйхатига киритилади.

Туманларда замонавий  тиббий марказлар очилади

Сессияда қайд этилишича, жорий йилга мўлжалланган давлат дастурида олис туман марказларида қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари очиш вазифаси белгиланган. Булунғур, Иштихон, Ургут ва Пахтачи туманларида шундай марказларни ташкил қилиш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.

Негаки, Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси М-37 “Ашхобод-Тошкент” трассасида жойлашган. Бирлашма бугунги кунда нафақат 152 мингга яқин туман аҳолиси, балки Нарпай, Каттақўрғон туманлари ҳамда қўшни Навоий вилояти аҳолисига ҳам тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бирлашма ҳамда республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали ўртасидаги масофа 141 километр, Каттақўрғон политравма маркази орасидаги масофа эса 56 километр. Шу боис, марказни Пахтачи тумани тиббиёт бирлашмаси биносига жойлаштириш мақсадга мувофиқ, деб топилган.

Бирлашманинг 25 ўринли шошилинч тиббий ёрдам бўлими 4 қаватли бинонинг 1-қаватида жойлашган. Стационар ва портатив рентген аппаратлари учун махсус хоналар, бинонинг қабул бўлими кириш қисмида «Ангиограф» аппарати учун жой мавжуд. «МСКТ» аппаратини ишлатиш учун мутахассис бор, “Ангиограф” аппаратини ишлатиш учун эса 2 нафар мутахассисни тайёрлаш режалаштирилган. Иккинчи қаватда 3 та операция хонаси, 9 та реанимация ва 50 та политравма ўринлари тайёрланган.

Булунғур, Иштихон ва Ургут туманлари туман тиббиёт бирлашмалари ҳам марказ ташкил қилиш учун худди шундай параметрларга эга.

Бу ишни амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг “Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси тайёрланган. Депутатлар қарор лойиҳаси юзасидан таклифларни кўриб чиқиб, тегишли қўшимча ва ўзгартишларни киритган ҳолда тасдиқлади.

Сессия ишида шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш, инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш ишлари, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.