Владимир Путин бугун коронавирусга қарши вакцина олади
Россия президенти Владимир Путин бугун, 23 март куни коронавирусга қарши эмлашни ният қилганлигини маълум қилди.
Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин қайси вакцина билан эмлашни ният қилганлигини аниқ айтмади, аммо бу, албатта, маҳаллий вакциналардан бири бўлишини таъкидлади.
"Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган учта вакцинадан бири билан. Уларнинг ҳаммаси ишончли ва яхши", - деди Песков «Интерфакс»га Путиннинг қайси вакцинани танлаганига ойдинлик киритишни сўраганида.
Ўз навбатида, Россия раҳбари 6 миллиондан ортиқ одам аллақачон учта Россия вакцинасидан камида битта таркибий қисмини олганлигини таъкидлади.
"Умуман олганда, Россияда аллақачон 6,3 миллион одам биринчи компонент билан эмланди. Шулардан 4,3 миллион фуқаро тўлиқ эмланди, яъни улар вакцинанинг биринчи ва иккинчи компонентларини олишди", деди Путин.
У Россия вакциналари мутлақо ишончли ва хавфсиз эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Президент чет эл препаратлари бу қадар юқори ҳимоя даражасига эга эмаслигини айтди. "Бу бизнинг олимларимиз ва мутахассисларимизнинг сўзсиз ютуғи. Бу хорижда ҳам тан олинган", деди Путин.